Нега газета ўқимай қўйдик...

    04:21 09 Октябрь 2018  Сиз учун фойдали 96

    Ёшим 72 да. Қирқ саккиз йилдан зиёд вақт мобайнида таълим соҳасининг турли бўғинларида хизмат қилдим. Шундан 32 йили бевосита ҳунар-техника таълими соҳасидадир. Билим юрти директори ўринбосари, бошқарма методисти, бошқарма бўлим бошлиғи, вилоят ўқув-методика Маркази директори лавозимларида ишладим. 2000 йилда бошқарманинг “Маҳорат мактаби” газетасини ташкил этиб, 2012 йилгача бошқардим.

    Ҳаётимнинг асосий қисми таълим соҳаси, ёшлар тарбияси билан ўтгани туфайлими, бугунги ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталари, қўйингчи, касб-ҳунар таълими тизимида ишлаётган барча ходимларнинг газетага бўлган эътиборларидан юрагимда оғриқ туради. Оғриқдан фориғ бўлиш мақсадида қўлимга қалам олиб, ушбу мақолани ёзишга жазм қилдим. Албатта, беш бармоқ тенг бўлмаганидек, ҳамма ҳам газета-журнал ўқимайди, янгиликлардан воқиф бўлмайди, десам, хато бўлар. Бироқ кўплаб кузатишларимда ва суҳбатларда бўлган чоғимда ўқувчи, ўқитувчи, ҳатто айрим раҳбарлар ҳам бугунги янгиликлардан хабарсиз эканликлари аён бўлади. Бу уларнинг газета ўқимасликларида деб биламан. Сўрасангиз, вақт етмайди, деб сабаб кўрсатишади.

    Газета ишида 12 йилдан зиёд меҳнат қилиб, унинг ҳар бир сони қанчалик меҳнат, изланиш, кундалик янгиликлардан доимо хабардор бўлган ҳолда тайёрлаш каби заҳматли меҳнат ётишини яхши биламан. Ҳар бир мақола журналистнинг машаққатли меҳнати маҳсули бўлиб, уни пишиқ-пухта тайёрлаш учун катта куч, вақт, билим ва изланиш талаб этади. Газетада чоп этилган мақола, янгилик ўқувчи учун тайёр билим, ахборот олиш манбаи ҳисобланади.

    Мен гарчи нафақада бўлсам ҳам юртимизда юз бераётган кундалик янгилик, ўзгаришлардан доимо баҳраманд бўлиш мақсадида Ўзбекистон телеканалида бериладиган “Ахборот-24” кўрсатувини мунтазам кўриб бораман. Шунингдек, “Халқ сўзи”, “Наманган ҳақиқати”, ўзимизнинг қадрдон “Маҳорат мактаби” газеталарининг ҳар бир сони билан танишиб боришга ҳаракат қиламан.

    Фарзандларимнинг ҳам аксари педагог бўлгани боис учрашганда улардан ҳам доим газета ўқиб, янгиликлар билан танишиб боришларини сўрайман. Бу биз педагоглар учун мажбурий масъулият ҳисобланади. Чунки биз мустақил юртимизда юз бераётган янгиликлар тарғиботчиси ва ҳар бир ёш авлодни юртимизга садоқат ва меҳр-муҳаббатли қилиб тарбияловчи асосий шахслардан биримиз. Айтайлик, ўқувчингиз ёки маҳалладошингиз телевизорда юртимиздаги янгиликлардан кўргани ёки ўқигани бўйича кенгроқ маълумот олмоқчи бўлиб
    сўраб қолса! Сиз елка қисиб билмасангиз нима бўлади? Тасаввур қилиб кўринг, обрўингизга қанчалик путур етади. Шунинг учун ўқитувчи ва раҳбарларни иш столида зарур газета-журналлар туриши ва албатта ўқилган бўлиши зарур деб ҳисоблайман. Ўқишга вақт топиши керак. Агар раҳбар ўзи газета ўқиса, жамоа аъзоларини ҳам ўқишга мажбур қила олади. Кўриб турибсизки, ўқитувчи, таълим устасининг маънавияти ҳам, билими ҳам янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиш билан чархланиб бориши шубҳасиз. Унинг дарс машғулоти ҳам сермазмун, янгиликларга бой бўлади.

    Шу ўринда таълим муассасалари раҳбарларига илтимосим бор. Ўзлари ўтказаётган йиғилишларда, энг аввало, 10-15 дақиқа вақт ажратиб, матбуот янгиликлари, айниқса, “Маҳорат мактаби” газетасида қандай мақола ва дарс ишланмалари чоп этилгани, унда илгари сурилган асосий маъно-моҳиятини сўзлашдан бошлашларини илтимос қилардим. Ўз навбатида устозларимизга ҳам дарсларни янгиликларни ўрганиш дақиқаларидан бошласалар, нур устига аъло нур бўлар эди. Ана шунда газета-журналга бўлган эътибор ортиши, шубҳасиз.

    Газетанинг ҳар бир обуначига ўз вақтида етиб боришида АРМ ходимларидан масъулият талаб этиш таълим муассасаси директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосарининг асосий вазифаларидан бўлиши керак. Зеро, обуначининг ҳақига хиёнат қилиш гуноҳи азимдир.

    Албатта, газета ўқиган ўқитувчи, таълим устасида чоп этилган мақола, янгиликлар тўғрисида ўз мулоҳазалари ва қандай мақолаларга кўпроқ эҳтиёж сезаётганликлари тўғрисида таклифлар туғилади. Бу эса ҳар икки томон - ўқувчи учун ҳам, таҳририят учун ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Мана, янги 2019 йил учун ҳам обуна мавсуми бошланди. “Маҳорат мактаби” газетасига биринчилардан бўлиб, обуна бўлиш билан ўз соҳамизнинг келажак тараққиёти ва равнақини қўллаб-қувватлаган бўламиз.

    Кўпайсин ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

    ўрта махсус, касб-ҳунар таълими фахрийси.