Энг чиройли байроқ

    16:32 19 Август 2017  Сиз учун фойдали 1492

    Хориждаги университетда таҳсил олиб қайтган ўқувчимизнинг қуйидаги ҳикояси шу юрт, шу халқ фарзанди бўлган ҳар бир инсон қалбига чексиз ғурур, фахр-ифтихор бағишлайди.

    - Анъанавий ёшлар байрами арафасида университет кенгаши давлат байроқлари танлови ўтказилишини эълон қилди. Биз ушбу танловга астойдил тайёрландик. Миллий байроғимизнинг ҳар бир рангига бағишлаб шеър битдик. Ўзбек давлатчилиги тарихига оид беш дақиқалик саҳна кўриниши тайёрладик. Тадбир катта тантана тарзида, барча ўқитувчи ва талабалар иштирокида бўлиб ўтди. Шу ерда таҳсил олаётган ўнга яқин мамлакатдан келган ёшлар ҳам ўз давлатлари байроқлари тақдимотини намойиш этдилар. Профессор-ўқитувчилар ва тажрибали экспертлардан иборат ҳакамлар ҳайъати бизнинг чиқишимизни юқори баҳолаб, Ўзбекистон байроғини энг чиройли, деб топилганини эълон қилганда қувончдан кўзларимиз ёшланди. Олқишлар ва қарсаклар остида ҳамманикидан чиройли байроғимизни баланд кўтариб, зални айланиб чиқдик. Биласизми, ўша дамларда шундай гўзал юрт, шундай буюк халқ фарзандлари эканимиздан ўзимизни жуда-жуда бахтиёр ҳис этдик, - дея сўзларини якунлади у.

    Муҳаммадраҳим УММАТОВ