Қўшиқнинг туғилиши

    04:24 16 Октябрь 2018  Наср 94

    Қўнонбой дала-даштларни кезишни хуш кўрадиган одам эди. Дўсту ёронларини кўргани қўшни овулларга тез-тез қатнаб турарди. Бир гал у Қарқарага борадиган бўлди. Масофа йироқ, отда ўн икки соатлик йўл. Ота-бола отга миниб, саман йўрғанинг бошини Қарқарага буришди. От ўзига таниш сўқмоққа тушиб олгач, Қўнонбой тизгинни қўйиб юборди. Офтоб эндигина бош кўтараётган, ҳад-ҳудудсиз саҳро узра ўзининг олтин ранг ёғдуларини сочаётган палла. Қўнонбой кенгликларга боқиб, бирдан дўмбира чертгиси келди. Хуржунидан дўмбирасини олиб, бироз ғадир бармоқлари билан уни черта бошлади. Куй оҳанглари бўшлиқ узра ёйилиб кетди. У шу қадар берилиб чалардики, ўзининг қаерда кетаётганини ҳам унутиб қўйганди. Куй тобора авжига минарди. У ҳозир чалаётган наво аввалгиларига ўхшамасди. Дўмбира булбул мисол нола қиларди. Ўзининг тилида, шу пайтгача ҳеч кимга айтмаган ва пинҳон сақлаб келган ички изтиробларини фош қилиб ташламоқчи бўлгандек фарёд соларди, дарди дунёсидан бўзларди.

    Мусиқа авжига чиққан сайин Абайнинг ҳам кўз ўнгида сирли дунё жонланди. Дилида ширин ором уйғонди. Танаси қуш мисоли енгиллашиб, қанот қоқиб кенгликлар узра парвоз қилгиси келди. Танасига кириб олган руҳ уни ўз қанотларида олиб юргандек бўлди. Дили яйраб, шодликлари ичига сиғмай қийқириб, қўшиқ айтгиси келди. Оҳ, нақадар бахтли онлар... Абай ўзини қўлга ола билмади. Унинг мустар қалбидан қўшиқ отилиб чиқди. Овозини қўйиб юборди. Шу ондаёқ жарангдор ва хуш овоз саҳро узра таралиб кетди. Қўнонбой эса боласининг овозидан завқи-шавқи тошиб, дўмбирасини яна ҳам қаттиқроқ чертар, ора-сира “Баракалла”, деб ўғлини олқишлаб қўярди. Куй кетидан куй, қўшиқ кетидан қўшиқ уланиб борарди.

    Тўғри сўзлик ўланим, ўзинг кўркам,

    Майли, татимаса ҳам сўйла бардам,

    Бу юрт сўз ошиғимас, мол ошиғи,

    Розиман, мингдан бири тушунса ҳам...

    Қўнонбой ҳаётида илк бор ўғлининг овози бу қадар ёқимли эканлигини билди. Унинг ўзи халқ ижодиётидан яхшигина хабардор бўлса-да, Абайнинг бу қадар жўшиб қўшиқ айтганини илк бор тинглаши эди. Гоҳида “Наҳотки куйлаётган менинг Абайим бўлса”, деб боласига қараб ҳам қўярди. Қайдан келди бу илҳом? Ким унинг дилига солмоқда буни? Буни ҳеч ким, ҳатто ўзи ҳам айтиб беролмасди.

    Куй тинса, Абай қўшиқ айтишни бас қилади, деб чўчирди. Ўша пайтда айни баҳорнинг бошланиши эди. Ерлардан қор кетган, осмонда кумуш булутлар оралаб, кишига завқ бериб довон ошиб, қанотини қоқиб, саҳро ҳавосидан яйраб учаётган қушлар еру-кўкка баҳор келганидан хабар бериб, сайраб ўтишарди. Нам ерлардан бўй чўзган ўт-ўланлар қаддини тиклаб, майин эпкинда чайқалиб, олам узра ўзининг хушбўй ифорини сочарди. Ёнбағирликларда лолалар товланарди. Абай чўғдек қип-қизил гулларни севарди, ялангоёқ чопқиллаб, қучоқ-қучоқ лолалар терарди. Ҳозир кўнгли шуни тусади... Бироз юришгач, қўй-қўзиларини яйловларга олиб чиққан одамлар, қўшда ер ҳайдаётган деҳқонлар кўринди. Қарши томондан эса юк ортилган туяларини ҳайдаб келаётган савдогарлар ўтишарди... Абай кўнглида мавж ураётган туйғуларини қўшиқ қилиб куйларди.

    Деҳқонлар қўш қўшади, экар экин,

    Ҳафта ўтмай кўкарар экин-тикин,

    Савдогарлар мол юклаб, туя қўмлаб,

    Олис-олис йўллардан келар секин.

     

    Оламга безак берган қодир мавлон,

    Ер – она, қуёш – ота, нури жаҳон,

    Онадай эмиздирар кўксидан ер,

    Отадай меҳр тўкар ёруғ осмон.

    Улар шу тариқа бири куйлаб, иккинчиси думбира чертиб анча масофани юриб қўйганларини билишмади. Қуёш қиёмга келганини, тушлик пайти бўлганини билиб, отларга дам бергилари келиб, навбатдаги довонга чиққанда тўхташди. Эгардан тушиб, хуржунни олиб, отларни ўтлоққа ҳайдаб, ўзлари майсалар устига намат тўшаб ўтиришди. Нон ва эт олиб дастурхонга қўйишди.

    - Ўғлим, сени кўп ўланларни ёд билишингни билмас эканман. Ҳақиқий оқин бўлиб етишибсан. Овозингга кўз тегмасин. Бу қадар кўп ўланни хотирангда сақлаш сенинг ёшингдаги болаларда камдан-кам учрайди. Айтчи, буларни ёдлаганмисан ёки ўзинг тўқиганмисан?

    Отанинг сўзидан Абайнинг юзи қизаргандек бўлди. У табиатан мақтанишни, ўз тилида мен, деган иборани ишлатишни хуш кўрмасди. Лекин ҳозир саволга тўғри жавоб қайтариши лозимлигини англади.

    - Буларни ҳозир, от устида юриб келаётганимда ўзим тўқидим. Очиғи, дилимга Худонинг ўзи солиб турди, мен айтдим, - деди Абай ийманибгина.

    - Айтган ўланларинг мана-ман деган оқину жировчиларнинг ўланларидан қолишмайди. Буларни унутиб қўймайсанми?

    - Йўқ ота, Худо дилга солган нарсалар қалбимга муҳрланиб қолади. Куйлаган сайин миямга янгидан-янги ўланлар қуйилиб келаверади, келаверади. Айтмасам, ичим ёрилиб кетадигандек гўё.

    - Шундай бўлса-да, уйга борганингда қўлингга қоғоз-қалам олиб, ёзиб қўй. Вақти келганда ўзингга асқотиб қолар. Болалигимда овулимизда оқинлар кўп эди. Тўй-маъракаларда тонг отгунча ўлан айтиб баҳслашишарди. Бугун улар йўқ, айтган қўшиқларининг кўпи унут бўлиб кетди. Худо хоҳласа, сендан буюк оқин чиқади.

    Отасининг мақтови Абайнинг дил қулфини очиб юборди. Кўзлари киприклари остида чақнади.

    - Кечалари ҳам баъзан қулоғимга кимдир шивирлаб ўлан айтади. Шунда ўрнимдан туриб, тошфонарнинг ёруғида уларни қоғозга тушира бошлайман.

    - Анчагина ёзиб қўйгандирсан?

    - Иккита дафтар тўлди, ота.

    Бу гапларни эшитиб, Қўнонбойнинг қалби қувончга тўлиб, кўзлари ёшланиб кетди. Боласини мадрасадан барвақт олиб келгани учун ўзини ўзи илк бор койиди.

    - Уйга борганимизда ўша ёзганларингни менга кўрсат, мен уларни хаттотга бериб китоб қилдираман!

    - Хўп, ота!

    - Мен ҳам сенинг ёшингда кўп ўланларни билардим. Бувинг бешикдалигимдаёқ қулоғимга қуйиб катта қилган. Кейин эса ишлар билан бўлиб ёдлаганларим хаёлимдан кўтарилиб кетган. Вақти келиб сен айтган ўланлар қозоқ халқининг мулки бўлиб қолади.

    Отасининг сўзларидан Абай мийиғида кулиб қўйди. Унинг таклифи болага маъқул келганди. Ҳозир рус тилидаги китобларни ўқиётганлигини, Пушкиннинг “Евгений Онегин” асарини қозоқ тилига ўгириб, халқига етказиш орзусида эканлигини айтгиси келди-ю, бироқ унинг табиатида мақтанчоқлик одати йўқлиги сабабли ўзини тийди. Лекин отасининг гапи ҳақ эди. У ҳам болалигида бувисидан қанчадан қанча ўланларни, лапарларни, қўшиқларни тингламади дейсиз. Бироқ ўқиш билан бўлиб, бир неча йил бувисининг бағридан йироқда юриб, уларнинг кўпи хаёлидан фаромуш бўлди. Мадрасада Навоий ва Фузулий асарларини мутолаа қилганида отасининг ҳозир айтган фикрлари чақмоқ мисоли хаёлидан ўтганди. Лекин ўқиш билан бўлиб қўли тегмаганди. Овулга қайтгандан кейин ҳам қалбининг бир четида уйғонган шеъриятга бўлган қизиқиш исён кўтарганди. Улар қуёш нурлари мисоли боланинг шуурини тиниқлаштириб, юрагида ширин ҳиссиётлар уйғотиб, кечалар оромини ўғирларди. Бундай пайтларда Абай ўзини тия олмасди. Қўлига дўмбирасини олиб, ташқарига чиқиб, тип-тиниқ осмонда чарақлаб турган юлдузларга боқиб, овозини қўйиб Парвардигор қалбига солган илоҳий сўзларни қўшиқ қилиб айтарди.

    Куй ҳам шунга монанд эди. Боя отда келишаётганда, отасининг куйларини тинглаганда ҳам шундай ҳол юз берганди. Отаси чалган куйлардан қайнаб тошган юраги шўх-шўх уриб, илоҳ томонидан миясига қуйилиб келаётган сўзлар тилига кўчганди.

    Ҳозир бир тишлам этни чайнаб ўтирган Абайни отасининг “Вақти келиб бу ўланлар қозоқ халқининг мулки бўлиб қолади”, деган сўзлари ўйлантириб қўйганди. Халқнинг бой мероси бўлган, асрлардан асрларга, тиллардан тилларга ўтиб келаётган ўланлар йилдан йилга камайиб бораётгани рост, улар шу пайтгача ҳеч ким томонидан ёзиб олинмаган. Илгаригидек жировчилар ҳам, оқинлар ҳам йўқ. Шундай бўлгач, отасининг айтганини қилгани маъқул.

    Ота-бола яна йўлга тушишди. Кимсасиз саҳрода жим кетиб бўлармиди. Атроф-теваракнинг бетакрор гўзаллигидан жўшиб шўх-шўх ураётган юракнинг ҳаяжонини босиб бўлармиди? Шундай кенгликларда, отнинг қорнига уриб турган майсазорда, ҳув анови дўнглик ён бағридаги лолақизғалдоқлар чамандек очилиб, она табиат ҳуснига ҳусн қўшиб турган лаҳзада куйламай, дўмбира чертмай бўладими? Завқи-шавқи тошган Қўнонбой яна дўмбирасини қўлига олди. Унинг нозик пардаларини созлаб, куй бошлади. Абай тағин қўшиқ куйлади. Дўмбиранинг ўша сирли навоси, ўша илоҳий қўшиқларнинг сеҳрли товуши саҳро узра таралди. Бепоён кенгликлар, унинг бағрида офтоб тиғидан сарғайиб қолган ўт-ўланлар, тоғларнинг аллақаерида ўт ёқилган тандирнинг оғзидек алангаланиб, ҳолдан тойиб, осмонда сузиб юрган кўчкин булут парчаларини қизғиш рангга бўяб, қор босган чўққиларга ёйган шуълаларини аста йиғиштириб, уфқ ортига ёнбошлаётган қуёш, шодон чуғурлашаётган қушлар худди Абай айтаётган ўландан сеҳрлангандек эди. Она табиат бу кун қозоқ элининг дунёга берган боласи яқин кунлар ичида машҳур шоир бўлиб, миллатни дунёга танитишига гувоҳлик бераётгандек эди.

    Исоқжон НИШОНОВ