Машҳур донишманд, беназир шоир ва бетакрор мутафаккир

    04:03 13 Октябрь 2018  Адабиёт 91

    Жалолиддин Румий тасаввуф ва фалсафани қўшиб, инсон руҳи диалектикасини тадқиқ этган буюк мутафаккирдир. Унинг қарашларида, энг муҳими, мутаассиблик, кўр-кўрона ақидапарастлик жиҳатларини кўрмайсиз.

    Мавлоно Румий Афғонистоннинг Балх шаҳрида 1207 йилда Шайх Муҳаммад Баҳовиддин Валад хонадонида туғилган. Хоразмшоҳ билан келишолмаган Баҳовиддин Валад оиласи, фарзандлари ва шогирдлари билан Балхни тарк этади. Маккаю Мадина сафаридан сўнг Ироқ, Ажам ва кўплаб юртларни кезиб, Туркиянинг Куния шаҳрида қўним топади ва Салжуқийлар томонидан катта ҳурмат, иззат-икром билан қарши олинган Шайх Баҳовиддин Валад шу ерда муқим яшаб келади. Хайриятки, шундай бўлган экан, чунки мўғуллар босқинида бутун Мовароуннаҳр ва Хуросон аланга ичида қолади. Қарангки, Балхнинг тўрт юз уламоси мўғуллар томонидан ваҳшийларча қатл этилган.

    Ота изидан кетган Жалолиддин ўз ортига қайтмайди, ўзини анталиялик ҳисоблаб, Румий тахаллуси билан ижод қила бошлади. Изланиш, тинимсиз меҳнат, кучли ва қатъий иймон-эътиқод ва юксак сабр-қаноат билан ижод қилиш натижасида Жалолиддин Румий жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бирига айланди.

    У ўзидан кейинги Ғарбу Шарқ санъатига катта хизмат қилиб, бениҳоя кучли таъсир кўрсатди.

    Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Мир Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил каби шоир ва олимлар уни ўзларига устоз-муаллим деб билишган. Чунки ёш Жалолиддин Ироқ, Ҳалаб, Дамашқ, Қайсария ва бошқа йирик илм-фан марказларида 7 йил давомида таълим ва тарбия олиб, ўз замонасининг етук донишманди бўлиб етишади.

    Фалсафа бобида Мавлонони Спиноза, Ҳегел, Кант каби файласуфлар билан қиёслаб, ҳаммаси ўзимизда аллақачон бор экан-у, ҳаммаси айтилган экан-у деб кўплаб файласуфлар эътироф этадилар. Бу, албатта ҳақ гапдир. Чунки, Румий ҳеч кимга ўхшамайди. Жалолиддин Румийнинг илмий, фалсафий ва адабий мероси ғоят улкан. Замондошлари ва ҳозирги авлодларга қуйидаги бетакрор ва бебаҳо асарларни қолдирган:

    1. “Девони Кабир”. Бу асар ўз ичига 3 мингдан ортиқ шеърни олган ва “Девони шамсул Хақойиқ”, “Девони шамси Табризий” номлари билан машҳурдир.

    2. Такрори йўқ бебаҳо тасаввуфий-ишқий 25700 байтдан иборат “Маснавий маънавий” асари бу зотни бутун дунёга машҳур қилган.

    Бу асарда ояти калималар, ҳадислар ва улардан ҳосил бўлган фикрларни ўта содда ва равшан қилиб баён этган.

    3. “Фийҳи ма фийҳи (“Ичиндаги ичиндадур”) асари инсон ҳақида, сизу биз ҳақимизда, барчани фикрлашга, ўзни англашга ва энг муҳими Ҳақни танишга чорлайди.

    Мавлоно инсонни кўзини очишга ундайдики, у очилган кўзлар билан ўзининг моҳиятини англаб етади. Бу билан у инсонни бир бутун олам эканлигини уқтиради.

    Бу асар инсонийлик ва илоҳийлик тимсоли ва унинг кўпригидир. Инсонни умид билан яшашга қаддини рост ва баланд кўтариб, ўзининг мавжудлигига ва ҳақиқатига ишонч ҳосил қилдиради.

    Илоҳиёт, тасаввуф, ҳаёт ва борлиқ ҳақидаги мулоҳазалари, турли дўстлари билан бўлган суҳбат ва муносабатлар ўз ифодасини топган.

    Хуллас, сувга ташна одам сув ичиб қанчалик роҳатланса, маънавиятга ташна одам ҳам ҳузур қилиб роҳатланади.

    Тажрид, таҳвид, сурат ва маъно, таваккул ва ижтиҳод, ғайб асрори ва ладуний илмлар ва кўплаб муаммолар ёритилади.

    Ўз асарларда Румий одамни тадқиқ этади, инсоннинг иймон гавҳари, буюклиги баробарида, нуқсонлари, ҳирси оқибатида келиб чиқадиган ёвузликларни таҳлил этиб, бундан қутулиш, покланиш йўллари, фазилатлари баён этилган. Румийнинг ҳар бир фикри, қарашлари инсоннинг маънавий камолоти йўлидаги бир машъала, бир чироқ, ҳаётга қуйиб қўйилган нури зиёдир.

    Руҳ диалектикаси, инсон истеъдод ва қобилиятлари, эҳтиёж ва талаблари, қайғу ва изтироблари, кураш ва ғалаба, зиддият ва қаршиликлар, борлиқ ва йўқлик, рўё ва ҳақиқат, жисм ва жон каби фалсафий қонун ва категориялар гуёки бугун айтилгандайдир.

    “Мавоизи мажолиси саъба” эса Румийнинг етти ўгити ва панд насиҳатларидан иборатдир.

    Мавлононинг “Мактуботи” ҳам турли даврларда замондошлари ва ёру дўстларига ёзган мактубларидан ҳисобланади. Румий 1273 йилда вафот этган.

    Ҳазрат Алишер Навоий Мавлоно Румийни “Устозлар устози” деб, шарафлаган бўлса, Абдураҳмон Жомий бу буюк зотни “У пайғамбар эмас, аммо пайғамбарлик китоби бор”, деб юксак баҳо бериб, улуғлаган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган тарихимиз бор, ҳавас қилса арзийдиган буюк аждодларимиз бор”, деб ёшларимизни тарихимизни, аждодларимизни бебаҳо илмий ва маънавий хазинасини ўрганишга, уларга муносиб ворис бўлишга даъватлари ҳам бежиз эмас.

    Мавлоно Румий ҳикматлари

    * Севгида қуёш каби бўл. Дўстликда ва қардошликда оқарсув каби бўл. Бировларнинг хатоларини ёпишда кеча каби бўл. Тавозеда тупроқ каби бўл. Ғазаб онида ўлик каби бўл. Ҳар не бўлсанг, бўл – ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл.

    * Тилингдан олдин қалбингни тарбия қил. Чунки сўз қалбдан келиб, тилдан чиқади.

    * Минг йил ўқисаму, мендан “нимани билдинг”, деб сўрасалар, “ҳаддимни билдим” дейман.

    * Дедиларки, кўздан йироқ кўнгилдан йироқ. Дедимки, кўнгилдаги кўздан йироқ бўлса не наф?

    * Ишқ азоби тортмаган юрак ё телбанинг, ё мурданинг юрагидир.

    * Гулнинг гўзаллиги уруғидан, инсоннинг ҳусни эса қалбидандир.

    * Кўнглингни покламабсанку, тинмай таҳорат олганинг нимаси?

    * Одамлар суратини безатса, сен сийратингни беза. Одамлар бошқалар айбидан сўз очса, сен ўз қусурингни ўйла.

    * Пок тийнатли кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлмоқ, подшоҳлар бошига тож бўлмоқдан афзалдир.

    * Ҳар ҳолни хайр, ҳар кечани қадр, ҳар келганни Ҳизр бил.

    * Инсон табассуми билан тарбиясини, нимага кулгани билан савиясини намоён қилади.

    * Эй, дўст! Мен Мажнун эмасман, аммо чақирсанг чўли биёбонга боришга ҳам тайёрман.

    * Кўнгил боғ, кўзлар булутдир. Булут йиғласа, боғлар яшнагай.

    * Шамдек ёш тўк, кўнгил уйинг чароғон бўлсин.

    * Дили ва тили бир бўлмаган инсон юз тилни билса ҳам тилсиз саналгай.

    * Дўст деб аччиқ гапирганга эмас, аччиқни ширин гапирганга айтилади.

    * Дунё - тузоқ, дони ҳою-ҳавасдир.

    * Гўзал кунлар келишини кутма. Унга томон бормоғингни унутма.

    * Китоб ўқишдан олдин ўзимизни ўқишни ўрганайлик.

    * Ҳаёт уйқудир, ўлим-ла уйғонур инсон. Сен шошил, ўлмасдан аввал уйғон.

    * Ғайратинг - қанотингдир.

    * Адолат - дарахтни суғормоқ, зулм эса тиканга сув тўкмоқдир.

    * Эй сенки, ҳаргиз ҳеч кимни ранжитма. Сўздан оғири йўқдир. Тана кўп юкни кўтармоққа, сўнгра оғриғини унутмоққа қодир. Кўнгил эса сўздан келган оғир оғриқни унутолмас.

    * Эй инсон! Ўладиган кунингни билмасанг ҳам, ҳеч бўлмаса фоний эканлигингни унутма.

    * Масофалар узоқ бўлгани билан дуоларда учрашган юраклар бор.

    Ҳамидулла АБДУЛЛАЕВ,

    Косонсой мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, сиёсатшунос.