Кейин дарду ҳасратда қолманг…

    10:10 15 Декабрь 2018  Адабиёт 331

    Қаршимда боши ерга теккудек бўлиб ўтирган йигит ва қизни тинглашдан аввал шундай таҳмин қилдим: ҳойнаҳой, уларнинг турмушига ота-оналар рози эмас.

    - Биласизми… - ҳазин товушда гап бошлади йигит.

    - Йўқ, ўзим… - деди қиз йигитнинг руҳи синиқиб бораётганига тоқат қилолмай. - Ҳаммасини ўзим айтиб бераман. Ҳаммасига… ҳаммасига мен айбдорман. Яшагим келмай қолди…

    Қиз ўзини тутолмай йиғлаб юборди. Унинг ўзига келиши қийин бўлди.

    Кейин анча суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, улар бир-бирига кўнгил қўйган. Тўрт йил - иккови ҳам олийгоҳни тугатгунча бир-бирларини синашган, муҳаббатларини синовдан ўтказишган. Ота-оналар бу муносабатларга қарши бўлмаган. Бироқ улар бугун энг катта синов қаршисидалар…

    - Тўйимиз бўладиган бўлди. Қонуний никоҳдан ўтиш ҳаракатини бошлаб юбордик. Тиббий кўрикдан ҳаққоний ўта бошладик. Бироқ… бир куни менга ОИТСга қарши кураш марказидан қўнғироқ қилишди. Бордим. Менда бу касаллик вируси топилибди…

    Энди мен ҳам йигит ва қиз ҳолига тушиб қолдим. «Эссиз, шундай чиройли, ўқимишли қиз-а?!» - деган сўзлар хаёлимда айлана бошлади.

    - Нега бундай бўлди? - сўрадим мен.

    Қиз йиғидан шишиб кетган қовоқларини аранг очиб, менга қаради. Унинг нигоҳларида таслим бўлишни истамаётган покиза орзулар бор эди ҳамон. Уларни тушкунлик енгишга уринарди.

    - Олти ой аввал қошимни татуаж қилдирган эдим. Докторлар шуни сабаб қилиб кўрсатишяпти. Ўзимнинг ҳам таҳминим шундай. Эҳтимол, шундайдир. Аммо энди нимани ўзгартира оламан, опа? Энди қандай яшайман? Нега мен, нима учун мен шундай аҳволга тушишим керак???

    Қиз жазавага тушиб бақира бошлади. Йигит уни тинчлантиришга уринди. Уни ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини, доим ёнида бўлишини, албатта, бахтли қилишини қайта-қайта айтар ва ўзи ҳам йиғлар эди…

    Эҳтиётсизлик. Шугина бир инсон - бир қизнинг ҳаётини остин-устун қилиб юборди. У бегуноҳ эди, эҳтимол, жирканч йўллар билан ўзига шундай касалликни юқтирганлар касрига қолгандир у?..

    Ҳа, ОИВ ҳамда ОИТС бугун бутун жаҳон аҳлини ташвишга солмоқда. Чунки бу касаллик эпидемияси ер юзида шиддат билан тарқалмоқда.

    Маълумотларга қараганда, айни пайтда дунё миқёсида 37 миллион киши орттирилган иммунтанқислиги вируси билан яшаяпти ва бу рақам ҳар йили 2 миллионга кўпаймоқда. Ҳар 4 дақиқада бир инсоннинг, ҳар дақиқада бир нафар ёш аёлнинг ўзига орттирилган иммунтанқислиги вирусини юқтириб олаётганлиги ҳар бир онгли кишини ўйлашга, мушоҳада юритишга, огоҳ бўлишга ундаши керак.

    Биринчи марта 1981 йилда Америка касалликларни назорат қилиш маркази томонидан аниқланган мазкур хавфли касаллик ҳақида бугун кўпчилигимиз маълум тушунчага эгамиз.

    Шундай бўлса-да, ОИТС ва унинг олдини олишга доир айрим маълумотларни келтириб ўтиш бизнинг вазифамиздир.

    ОИВ - иммунтанқислиги вируси бўлиб, инфекция инсон организмида 10-15 йил давомида ҳам ривожланиши мумкин. Одатда, касаллик юққанда бемор ўзида ҳеч қандай салбий ўзгариш сезмайди. Аммо вирусни юқтириб олган вақтидан бошлаб у инфекция манбаи ҳисобланади.

    ОИТС эса орттирилган иммун танқислиги синдроми бўлиб, унда организмнинг иммун тизими кучсизланади, натижада организм барча касалликларга қарши курашиш қобилиятини йўқотади. Оқибат эса ўлим билан якун топади.

    Касаллик вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари инсон танасига текширилмасдан юборилганда, гиёҳванд моддаларни қабул қилишда умумий шприцдан фойдаланилганда, соқол олиш ускуналари, маникюр ва педикюр асбоблари зарарсизлантирилмасдан ишлатилганда қон орқали юқади. Шунингдек, тартибсиз жинсий ҳаёт, аҳлоқсизлик хатарли ҳалокат сари қўйилган қадамдир.

    Кўриниб турибдики, дарду ҳасратга ошно бўлмаслик, хавфли касалликка чалинмасликнинг бирдан-бир йўли покизалик ва соғлом турмуш тарзига амал қилишдан иборат.

    Мамлакатимизда ОИВ вируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, унга кўра вилоятимизда барча ҳомиладор аёллар лаборатор текширувдан ўтказилмоқда.

    Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, ким ўзида ОИВ ва ОИТС билан боғлиқ ўзгариш ёки бу касалликка чалинганлик ҳақида гумонли фикрга борса, ОИТСга қарши кураш марказига ёки тиббиёт муассасалари қошида ташкил этилган «Ишонч» ва «Аноним» хоналарига мурожаат қилиши мумкин. Бу ерда сизга шахсингиз сир тутилган ҳолда хизмат кўрсатилади. Барча хизматлар бепул.

    ОИВ ва ОИТСдан ҳимояланишнинг энг осон усули - ҳушёрлик, огоҳ бўлиш, ўз саломатлигингизга эътиборли бўлишдир. Зеро, ҳаёт - бебаҳо неъмат. Унинг ҳар бир дақиқаси афсус-надомат билан эмас, аксинча, беғубор орзу-ниятлар, қутлуғ мақсадлар билан ўтсин.

    Шаҳло ТОШБЕКОВА