Ҳам ўқишда, ҳам спортда тенгдошларига ўрнак

    06:08 10 Ноябрь 2018  Кўрик-танлов ғолиблари 47

    Юртимизда ёшларнинг истеъдодларини ҳар томонлама намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган. Ҳамма гап ана шу мавжуд шароитлардан унумли фойдаланишда қолди. Аксарият ўғил-қизларимиз ўқиш ва спортда арзирли ютуқларни қўлга киритган ҳолда ота-оналари ва устозлари ишончини оқламоқдалар.

    Косонсой мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчиси Моҳина Абдухалилова ана шундай қизларимиздан. У 2001 йил 29 апрелда тумандаги Гулбоғ маҳалласида туғилган. Моҳина коллежда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга спорт билан ҳам жиддий шуғулланади. Мана бир неча йилдирки, интилувчан қиз таълим муассасасида фаолият олиб бораётган “Таэкван-до WTF” тўгарагида фаол иштирок этиб келмоқда. Узоқ вақт олиб борилган машғулотлар тез орада ўз натижасини берди. Ёш спортчининг шу вақтга қадар қўлга киритган ютуқларига назар ташлар эканмиз, тиришқоқ Моҳинани спортда порлоқ келажак кутаётганига амин бўламиз. Келинг, унинг айрим ютуқларига тўхталиб ўтсак.

    У 2014 йилда илк бор вилоят кубоги мусобақаларида иштирок этди. Шунга қарамай, иқтидорли спортчи қиз фақатгина финал баҳсини бой бериб қўйди ва фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, мутахассислар назарига тушди. Шу йили мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган республика чемпионати унинг учун улкан тажриба мактаби бўлди, дейиш мумкин.

    2015 йилда у Сурхондарё вилоятида ўтказилган кубок мусобақасида ҳам муносиб иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой олишга муваффақ бўлди. Кейинчалик Моҳина “Наманган вилоят очиқ чемпионати” мусобақасида муваффақиятли қатнашиб, фахрли 2-ўрин ҳамда “Яхши иштироки учун” сертификати билан тақдирланди. Қувонарлиси, ушбу муваффақиятлардан сўнг косонсойлик ёш спортчи 1-ДАН “Қора белбоғ” соҳибига айланди.

    Шундан сўнг маҳоратли спортчи қизимиз яна қатор нуфузли мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин эгаллашга эришди. Жумладан, ўтган йили пойтахтимизда Осиё давлатлари ўртасида бўлиб ўтган халқаро турнир - “Prezidents СUP” мусобақасида “Яхши иштироки учун” махсус сертификати билан тақдирланди.

    - Мамлакатимизда биз каби ёшларнинг ҳар томонлама камол топиши учун барча шароитлар яратилган. Бунинг учун Юртбошимизга раҳмат айтамиз, - дейди М. Абдухалилова. - Бизнинг вазифамиз аъло ўқиш билан бирга спортда ҳам юксак мақсадларни кўзлашдир. Ана шунда биз ёшлар халқимизнинг ишончини оқлаган бўламиз.

    Бугунги кунда қаҳрамонимиз вилоят, Республика ва халқаро спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Шу билан бирга 2018-2019 ўқув йилида туман миқёсида ўтказилган «Зулфияхоним издошлари» кўрик-танловида фан йўналишида фахрли 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Ёш спортчининг келажакдаги орзуси Осиё ва Жаҳон чемпионатларида шоҳсупага кўтарилиб, юртимиз довруғини оламга ёйишдир.

    Биз ҳам ўқишда, ҳам спортда тенгдошларига ўрнак бўлаётган Моҳинага келгусида янада порлоқ уфқларни, улкан ютуқларни тилаб қоламиз.

    Н. ЭГАМБЕРДИЕВА,

    Косонсой мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси.