Чинакам устоз, халқ ўқитувчиси

    11:59 16 Ноябрь 2018  Мукофот соҳиблари 235

    Наманган саноат касб-ҳунар коллежининг физика фани ўқитувчиси Ғофуржон Мўминов 2007 йилда Президент Фармонига кўра, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони билан тақдирланди. Бу юксак унвон вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида меҳнат қилаётган барча фидойиларга берилган мукофот эди.

    Дарҳақиқат, қаҳрамонимиз пешқадам ўқитувчи, ўз фанини чуқур билимдони бўлиш билан бирга билганларини бошқаларга ўргатадиган, жамоат ишларида тиниб-тинчимас ташкилотчи сифатида барчанинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор инсон. Унинг 45 йиллик педагогик фаолияти, меҳнатлари кўп бора оммавий ахборот воситаларида ёритилган. Шундай бўлса-да, устоз ҳақида яна бир бор илиқ фикрларни айтишнинг ҳамкасблари учун ибрат мактаби бўлиши, шубҳасиз.

    1946 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топган Ғофуржон ака 1964 йилда шаҳардаги 15-мактабни олтин медаль билан битирди. Ўқитувчилик касбига бўлган қизиқиши уни Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтига етаклади. У 1969 йилда олий маълумотли физика фани ўқитувчиси мақомига эга бўлди. Меҳнат фаолиятини ўзи ўқиган қадрдон 15-мактабда бошлади. Устозлар билан ёнма-ён ишлаш Ғофуржонга ғурур-ифтихор бағишласа-да, жуда катта масъулият ҳам юклагани сабабли, дарсдан бўш вақтларида изланди, тажрибали ўқитувчилардан дарс ўтиш усулларини ўрганиб, методик адабиётлар ва таълим соҳасидаги янгиликларни тинмай ўқиб, касбий маҳоратини оширди.

    Устоз ўз билим ва тажрибасини ошириб бориш, дарс жараёнида ҳар бир мавзуни янгиликларга боғлаб, қизиқарли тарзда ўтиш орқали ўқувчи ва ўқитувчилар эътиборини қозонди. 1970 йилдан 1975 йилгача Наманган Давлат педагогика институти талабаларига физика фанидан сабоқ берди. Ёш ўқувчиларга билим бериш, улар билан ишлаш иштиёқи Ғофуржон акани яна мактаб ҳаётига қайтишга ундади. У 1975-1984 йиллар мобайнида шаҳардаги тажриба-таянч ҳисобланган 31-, сўнгра 16- ва 44-мактабларда ишлади. 1984 йилда Ғофуржон акани Наманган индустриал техникуми (ҳозирги саноат коллежи) раҳбарияти ишга таклиф этишди. Бу таклифни бажонидил қабул қилган педагог техникумда талабаларга физика-астрономия фанларидан сабоқ берди.

    Ғофуржон Мўминов узоқ йиллар мобайнида дарс вақтидан унумли фойдаланишга, ўтиладиган мавзуларни олдиндан ўқувчилар эътиборига ҳавола этиш (бунда улар мавзуни олдиндан ўқиб келадилар) ва мавзуни дискуссия ҳолда ташкил этиб, ўқитувчи мавзуни якунлаш ва янгиликлар билан тўлдиришда қатнашишига, дарс жараёнида ўқувчиларни иштироки ва ўзлаштиришига қараб мунтазам рағбатлантириб боришга, ҳар бир дарсни кўргазмали, тарқатмали, дидактик материаллар, жиҳозлардан фойдаланиб ўтишга ва машғулот жараёнида ўқувчиларни “Буни сен билишинг мумкин эди”, “Сен бунинг уддасидан чиқасан”, “Сенга раҳмат” каби сўзлар билан қўллаб-қувватлаш орқали билим олишга қизиқтиришга эришдики, натижада ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичи 80-90 фоизга ошди. Ҳақиқатан ҳам педагогик йўналишда илмий тадқиқот олиб борган олимларнинг фикрича, ўқувчи дарс мавзусини тингласа, 20-25 фоизга, амалиёт билан ўзи бевосита иштирок этса, 90 фоизгача ўзлаштириши амалда исботланган.

    Устознинг таълим жараёнидаги эришган ютуқлари бесамар кетмади. У олий тоифали ижодкор ўқитувчи мақомига эришди. 1989 йилда “Олий ва ўрта махсус таълим аълочиси” нишони билан тақдирланди. Индустриал техникум 1999 йилда мамлакатимизда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” асосида Наманган саноат касб-ҳунар коллежига айланди. Коллеж Осиё Тараққиёт банки ва Жанубий Корея лойиҳасига киритилди. Ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари лойиҳа асосида энг замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютерлар, асбоб-ускуналар ва мебеллар билан жиҳозланди. Шу жумладан, физика кабинети ҳам Жанубий Корея лойиҳаси доирасида 31 миллион сўм миқдоридаги жиҳозлар билан бойитилди.

    Ғофуржон ака вилоят физика-астрономия фани ўқитувчиларининг метод бирлашмаси раҳбари сифатида бу жиҳозлардан дарс жараёнида кенг фойдаланди. Илғор тажриба мактабига айланган фан кабинети вилоятдаги таълим муассасларида ишлаётган ҳамкасблар билан доимо гавжум бўлди.

    Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими Маркази буйруғи билан физика фани бўйича тажриба майдони этиб белгиланган Наманган саноат коллежида Ғофуржон ака фан бўйича янги яратилган ўқув режа ва дастурни 1999-2000 йилларда тажриба-синовдан ўтказди.

    У 2002 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан ҳам мукофотланди.

    - Ўқитувчи ўз ўқувчиларига фақат китобдаги билимларни бериш билан чекланмаслиги керак, - дейди “Халқ ўқитувчиси” Ғофуржон Мўминов. - У ўқувчиларини фанга қизиқтириш учун изланишдан бир лаҳза тўхтамаслиги керак. Бунинг учун ўқитувчи ноанъанавий ўқитиш усулларини қўллаши, ҳар қандай техника воситаларини ишлата билиши ҳамда педагогик, психологик билимларни чуқур билиши керак.

    Бундай фикрлар фидойи, Ватан равнақини ўйлаган, ёшлар келажаги ҳақида қайғурган инсоннинг нафақат касбий, балки ҳаётий ҳикмати ва шиоридир.

    Кўпайсин ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

    касб-ҳунар таълими фахрийси.