Устозларга эҳтиром

    11:31 06 Октябрь 2018  Эътироф 266

    1 октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами вилоятимизда ҳам кенг нишонланди. Сана муносабати билан Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида ташкил этилган байрам тадбирига таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишда фаоллик кўрсатаётган устоз-мураббийлар ва ёш педагоглар таклиф этилди.

    Вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров тантана иштирокчиларини, наманганлик барча ўқитувчи ва мураббийларни қутлуғ айём билан самимий табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.

    Бугунги кунда касб-ҳунар таълими тизими такомиллаштирилиб, босқичма-босқич касб-ҳунар ўргатишга ихтисослаштирилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари барпо этилмоқда.

    Тизимда беш мингдан ортиқ устоз ва мураббийлар ўзларининг педагогик фаолиятларини олиб боришмоқда. Эътиборлиси, Наманган хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг Наргиза Бектемирова раҳбарлигидаги ахборот-ресурс маркази жамоаси “Йилнинг энг яхши ахборот-ресурс маркази” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиблигини қўлга киритган бўлса, Чортоқ тиббиёт коллежи директори Гулнора Камолова эса тиббиёт фанлари доктори илмий даражасини олди.

    Қутлуғ айём арафасида давлат ва тармоқ мукофотлари билан тақдирланган устоз-мураббийлар муносиб рағбатлантирилди. Бир гуруҳ соҳа ходимларига вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиқ” ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди. Уларнинг ёш авлод камолоти йўлидаги самарали ва ибратли фаолиятлари эътироф этилди. Зеро, наманганлик устозлар орасида ибратли иш ташкил этаётганлар оз эмас.

    Бунга кўплаб ўқитувчи ва мураббийларимизнинг илм, фан ва бошқа соҳаларда эришаётган улкан ютуқлари республика миқёсида эътироф этилаётгани ҳам яққол мисол бўла олади.

    Тадбирда вилоят ҳокимининг алоҳида эътирофига сазовор бўлган фахрийлардан бири Ҳуринисо ая Мирзараҳимовадир. Аяни исковотликлар ўзгача ҳурмат билан тилга оладилар. Боиси бутун умрини таълимга бағишлаган онахон қишлоқ болаларининг билимли, тарбияли чин инсон бўлишида катта ҳисса қўшган табаррук зотлардан.

    1 октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгашининг қарорига асосан Ҳуринисо аяга “Меҳнат фахрийси” 2-даражали кўкрак нишони топширилди.

    Тадбирда сўзга чиққан Ҳ. Мирзараҳимова мустақил мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ўқитувчи-мураббийлар, барча ҳамкасбларини қутлуғ айём билан табриклар экан, уларнинг заҳматли ва шарафли фаолиятларида омад ёр бўлишини тилаш билан бирга ўқитувчилик мақомининг нақадар улуғ эканлигини ҳис этиб, мустақил Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилишларини исташини айтиб ўтди.

    Р. ЖУМАБОЕВА