Таниқли адиб ва моҳир таржимон

    03:45 12 Октябрь 2018  Эътироф 96

    Ўрта мактабни тамомлаганимга қарийб ўттиз йил бўляпти. Ўқувчилик давримда адабиёт ва тарих фанига жуда қизиқардим. Кўплаб шоирларнинг шеърларини ёд олардим, тарихий шахсларнинг ҳаётини ўрганишга ҳаракат қилардим. Машҳур адиб Мирзакалон Исмоилийнинг кўплаб асарларини
    ва қиссаларини зўр қизиқиш билан ўқиб келаман. Унинг “Одамийлик қиссаси” менга жуда ёқади, шу сабабли газета муштарийлари билан ўзим билган маълумотларни ўртоқлашмоқчиман.

    Таниқли адиб ва моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий 1908 йил 15 октябрда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида дунёга келди. 2018 йил 15 октябрда Мирзакалон Исмоилий таваллудига 110 йил тўлади. Ўзбек халқи бу санани кенг нишонлайди, чунки ёзувчи ижоди кўпчиликни мафтун этиб келган, асарлари рус ва қардош халқлар тилларига таржима қилинган.

    У дастлаб қишлоқ мактабида ўқиди, кейин шаҳар мактаб-интернатида тарбия олди. Тошкентга келиб таълим олди. 1928-1930 йилларда Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факультетида ўқиди, ўқитувчилик қилди.

    Мирзакалон Исмоилийнинг дастлабки ижоди “Саккизинчи март хотин-қизлар озодлиги” номли кичик пьесадан бошланган. Ушбу пьеса 1927 йилда нашр этилган.

    У Ўзбекистон Давлат нашриётида (1932-1937), Тошкент киностудиясида (1937-1938), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1939), “Қизил Ўзбекистон” газетасида (1948-1949) ва “Шарқ юлдузи” журналида (1949-1950) ишлади.

    Адиб Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси. У 1942 йилда фронтга жўнаб, 1947 йилгача ҳарбий хизматда бўлди. “Қизил Армия” номли фронт газетасида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, ҳарбий мухбир бўлиб ишлади. Ёзувчи ва жанговар журналист сифатида фаолият кўрсатди.

    Урушдан кейинги йилларда ҳам адиб самарали ижод қилди. Жумладан, “Озод инсон ҳақида қўшиқ” номли новеллалар тўплами, одоб-ахлоқ бобида “Инсон ҳусни” номли китобчаcи нашр этилди. Шунингдек, у “Кенг майдонлар” пьесасининг (1948), қатор очеркларнинг муаллифи ҳамдир. Жумладан, унинг “Ватанга муҳаббат”, “Гвардиячи”, “Гулхан ёнида”, “Ёрқин кунлар сари”, “Зифо”, “Икки кеча-ю, икки кундуз”, “Озодлик гулини ҳидлаган киши”, “Сенинг амринг” каби очерклари диққатга сазовор.

    Маълумотларга кўра, Мирзакалон Исмоилий 1950 йил 30 ноябрда қатағонга учраб ҳибсга олинган. 1955 йил ноябрда гуноҳсиз топилиб, озодликка чиқарилган.

    Адиб озодликдан маҳрум этилган чоғларда ҳам тушкунликка тушмай, қўлига қалам олиб халқи учун меҳнат қилди. Жумладан, “Фарғона тонг отгунча” романини ёзди ва озодликка чиққач, романга сайқал бериб, нашрга тайёрлади. Роман ўзининг ғоявий-бадиий хусусиятлари билан 60-йиллар ўзбек насри равнақига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Мирзакалон Исмоилий ёшлар ҳаётини акс эттирувчи “Бизнинг роман” (1963), маънавият ёғдуларини шарафловчи “Одамийлик қиссаси” (1965) каби пухта, гўзал насрий асарлари билан ҳам китобхонлар эътиборини қозонди. “Одамийлик қиссаси”да ёзувчи одоб, ахлоқ тўғрисида ҳикоя қилади. Муаллиф асарда ёшларни ҳамиша қизиқтириб келган гўзаллик, ишқ-муҳаббат тушунчаларига аниқ ва равшан таърифлар беради, ажойиб ҳикматлар келтиради. Безакларга ўринсиз ҳавас қўйиб, одамийлик фазилатларини унутаёзган айрим ёшларга қарата: “... сен ҳар қанча ясаниб-тусанмагин, лабларингни, киприк-қошларингни, бетларингни ҳар хил ранглар билан бўямагин, турли-туман тақинчоқлар тақмагин, бари бир, инсоний фазилатинг бўлмагандан кейин сен хунуксан, сен жирканчсан, сен ногиронсан! Билиб қўй, сенга инсон ҳуснини берадиган, номингни пок, бедоғ сақлайдиган нарса юзингга сурадиган бўёқлар, қуюшқондан чиқиб кетган бачкана кийимлар, турли зебу зийнатлар эмас, йўқ, асло булар эмас! Сенга бу ҳуснни чиройли ахлоқ, одоб, маданият, яхши фазилат беради!” дейди ва уларни инсофга чақириб, ўринли панду насиҳат қилади. Чиндан ҳам, буюк ёзувчимиз айтганидек, одам боласи умумбашар йўлида сира чарчамай, ҳеч эринмай курашиши керак. Чунки одамга ҳақиқий ҳуснни инсоний хулқ-атвор, инсоний фазилат беради. Ҳа, бундай гўзаллик инсон тириклигида ҳам, дунёдан ўтганида ҳам унинг айнимайдиган ҳусни, абадий сиймоси бўлиб қолади.

    Одамийлик тўғрисида гап борганда, адиб чароғон ҳаётимиз, маънавий ахлоқимиз ҳар бир кишидан ҳалолликни, адолатпарварликни, ростгўйликни талаб қилишини уқтиради: “Ҳаром бор жойда - разиллик, адолатсизлик бор жойда - жабр, ёлғон бор жойда - туҳмат тантана қилади. Одамлар орасидаги пок муносабатларга путур етказадиган бу иллат жамиятни орқага, фақат орқага судрайди... Фосиқларнинг югурганлари сомонхонгача бўлса ҳам, лекин уларнинг бир кунлик умри жамиятга жуда қимматга тушади”, дея таъкидлайди ва ўтмишнинг бундай иллатларига ўт очишга, ҳар қаерда ва ҳар қачон аёвсиз кураш олиб боришга даъват этади.

    “Одамийлик қиссаси”да инсонга оид жуда кўп фазилатлар бирма-бир таърифлаб ўтилади: меҳнатсеварлик, ширинсуханлик, оқкўнгиллик, юз чиройи, ишқ-муҳаббат, иффат, ҳаё, одоб, хулқ-атвор, фарзандлик, ота-оналик ва бошқалар тартиби билан тузилади ҳамда халқ тилида тушунтирилади. Қиссадаги ҳар бир воқеа, келтирилган далил ва фикр шундай моҳирлик билан тасвирланганки, гўё адиб китобхон билан юзма-юз суҳбат қуради, чин юракдан сўзлашади, орамизда учраб турадиган, сира инкор қилиб бўлмайдиган иллатларни баралла очиб ташлайди, уларга барҳам бериш зарур эканини исботлайди. Мирзакалон Исмоилий “Қизлар дафтарига” (1980), “Ўзингдан кўр” (1986), “Инсон ҳусни” (1989) каби асарларида ҳам ёшлар ахлоқи, оилада тотувлик ва ўзаро ҳурмат масалалари ҳақида фикр юритади.

    Мирзакалон Исмоилий дастлаб Лев Толстойнинг “Тирилиш” романини 1938 йилда, кейинчалик шу ёзувчининг “Анна Каренина” романини ўзбекчага ўгирди.

    Ёзувчи М. Шолоховнинг “Инсон тақдири”, Н. Островскийнинг “Бўрон болалари”, Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”, Сервантеснинг “Дон Кихот” каби асарларини ўзбек китобхонларига туҳфа этди.

    У жаҳон адабиётининг 200 дан ортиқ намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

    Мирзакалон Исмоилий Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1983) унвонига сазовор бўлган. Таниқли адиб, моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий 1986 йил 5 май куни вафот этган.

     С. ҚУРБОНОВА,

    Чуст педагогика коллежи АРМ бўлим бошлиғи.