Ёшлар бандлиги ободлик ва фаровонлик омили

    11:00 25 Май 2017  Меҳнат ярмаркалари 568

    Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ва ўз бизнесларини очишга кўмаклашиш мақсадида ҳудудларда янгича ёндашув тизими асосида махсус меҳнат ярмаркалари ташкил этиш тартиби асосида Наманган шаҳридаги Алишер Навоий номидаги мусиқали драма театри биноси олдида вилоят ҳокимлиги, прокуратура органлари билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

    Ярмаркада 125 та ташкилот, хўжалик юритувчи субъектлар ўзларидаги 707 та бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар.

    Ярмарка доирасида 84 нафар битирувчиларга ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди, 49 нафари билан меҳнат шартномалари имзоланди, 58 нафар битирувчилар ўқишни тамомлагач, иш билан таъминлаш юзасидан тўрт томонлама шартномалар имзоладилар, 17 нафар битирувчиларга 181,2 миллион сўм миқдорида кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар берилди ва 16 нафар коллеж битирувчиларига 143,7 миллион сўм кредит ажратилди.

    Чортоқ педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси С.Мирзаевага чорвачилик йўналишида Микрокредитбанкнинг Чортоқ филиали томонидан 10 миллион сўм, Косонсой тумани саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи битирувчиси И. Ортиқовга хизмат кўрсатиш (фотостудия ташкил этиш) йўналишида Микрокредитбанкнинг Косонсой филиали томонидан 10 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди.

    Ярмарка давомида бандликка кўмаклашиш марказлари масъул ходимлари томонидан 181 нафар битирувчиларга меҳнат қонунчилиги юзасидан маслаҳатлар берилди.

    Тадбирда саноат корхоналари, қурилиш ташкилотлари, муассаса ва хўжалик юритувчи субъектлар минитехнологиялари, бўш иш ўринлари ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлари билан қатнашдилар.

    Наманган шаҳар саноат касб-ҳунар коллежи битирувчилари Б. Аҳмадханов, О. Эргашбоевлар Наманган шаҳар “Наманганмаш” АЖ билан доимий иш билан таъминлаш бўйича меҳнат шартномалари имзолади.

    Ярмарка жараёнида вилоятдаги 16 та тижорат банкларининг кредит бўлимлари мутахассислари, савдо-саноат палатаси масъул ходимлари қатнашиб, битирувчиларни тадбиркорлик фаолияти учун берилаётган имтиёзлар, кредит маблағлари, жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақамлари бўйича тушунтиришлар бердилар.

    Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17   мартдаги “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ- 2844-сонли қарори тақдимоти ярмарка иштирокчиларида катта таассурот қолдирди ва мазкур қарор билан микрокредитлар бериш бўйича соддалаштирилган тартибдан кенг фойдаланиш бўйича маълумотлар берилди. Шунингдек, битирувчи-ёшларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 119-сонли қарори ҳам кенг тушунтирилди. Бунда аҳоли хонадонларига камида 100 бошдан ёши 90 кунлик парранда ҳамда лимон, унаби ва грек ёнғоғи кўчатларини етказиб бериш бўйича яратилган шарт-шароитлар тўғрисида тақдимотлар амалга оширилди.

    Ўз мухбиримиз