Юзаки ёндашув самара бермайди

    13:57 08 Июнь 2017  Бандлик 569

    Аҳолини ишли қилиш исталган давлат учун стратегик муҳим масала саналади. Гап фақат иқтисодий манфаатда эмас. Тўғри, бандлиги таъминланган фуқаролар ҳисобига мамлакат ғазнаси бойийди. Улар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу ҳаммага аён ҳақиқат. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор: меҳнат бозорида муқим ўрин топиш шахснинг ўзига-да фойда.

    Ўзбекистон аҳолиси орасида ёшларнинг салмоғи бисёр. Демак, интеллектуал салоҳиятимиз оз эмас. Айтайлик, ҳозир ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини 456 минг ўғил-қиз тамомлаш арафасида турибди. Яна 65 минг нафар талаба ҳадемай олий маълумотли кадр бўлади. Бари муайян касб ёки ҳунарни эгаллаган, хат-саводи чиққан, замонавий билимлардан хабардор ёшлар. Эҳ-ҳе, бундай бебаҳо капитални орзу қилувчи юртлар қанча.

    Аммо ҳозир гап бошқа масала хусусида. Чамалаб кўрсак, республикамиздаги мавжуд иш ўринларига ҳар йили салкам ярим миллион мутахассис даъвогарлик қилар экан. Яшириб нима қилдик, меҳнат бозорига эндигина кириб келаётган ёшлар бирданига иш топиши қийин. Барчасига етмайди ҳам, чунки иқтисодиёт тармоқлари, ҳатто тобора қулоч ёйиб бораётган хусусий бизнес ҳозирча аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатламини тўла банд этиш имконига эга эмас. Шу боис жамиятда ишсизлик кўрсаткичи маълум даражада сақланиб қолмоқда. Бирламчи вазифа унинг юқорилаб кетишига йўл қўймаслик. Иккиламчиси - имкон қадар пасайтириш. Бу борада давлатимиз жиддий ислоҳотларни бошлаб юборган.

    Президентимизнинг 2017 йил 24 майда қабул қилинган “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига эътибор қаратсак. Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сифатида қайта тузилди. Унинг асосий вазифаси эса ўзгармас ҳолда қолмоқда - аҳоли, хусусан, ишсиз ёшлар бандлигига кўмаклашиш. Фақат айни жараён эндиликда янгича механизм ва замонавий ёндашув асосида ташкил қилинади.

    Сўнггисидан бошласак. Бундан олдин яна бир муҳим ҳужжатга мурожаат қилишга тўғри келади. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 6 майида “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Унда қайд этилишича, жойларда янги иш ўринларини яратиш, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалалари учун ҳокимдан тортиб, қолган бутун иқтисодий комплекс раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади. Боиси юқорида биз тилга олган замонавий ёндашув худди шуни тақозо этмоқда. Тўғри, ҳоким, солиқ органи вакили ёки банк мутасаддиси иш ўрнини яратиб бермайди. Аммо ўз ҳудудига сармоядорни жалб қилиш, корхоналарнинг иқтисодий юксалиши учун қулай шароит яратиш, тадбиркорни қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, фаолиятига асоссиз аралашувларга йўл қўймаслик қўлидан келади. Бугун Президент мансабдор шахслардан ўз зиммасидаги ана шундай масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажаришни талаб қиляпти, холос. Ўшандагина меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш, қолаверса, таълим масканларидан учирма бўлаётган ёш мутахассисларни ишга жойлаштиришга юзаки қарашдек хунук ҳолатларга барҳам берилади. Ахир, бундай кўзбўямачиликлар муаммо устига муаммо туғдириши ва ҳеч қачон ижобий натижага олиб келмаслиги аён.

    Энди аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида татбиқ этилаётган янгича механизм хусусида тўхталсак. Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги фармонига биноан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқа вазирлик, идора ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда олий ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини улар эгаллаган мутахассисликларга мувофиқ ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Хўш, бу чора-тадбирлар нималардан иборат?

    - Яқиндагина янги тажрибани йўлга қўйдик, - дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш ва касбга қайта ўқитишни ташкиллаштириш бошқармаси бош мутахассиси Жаҳонгир Турғунбоев. - Ҳар бир битирувчига иқтисодий комплекс таркибига кирувчи вазирлик ва идоралардан муайян мутахассис бириктирилмоқда. Ҳозирда 74 минг нафар масъул ўз вазифасига киришган. Улар ўқувчи-ёшлар билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, қизиқиши ва келгусидаги режалари ҳақида билиб олади. Масалан, кимдир эртага тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи, лекин бизнес режа тузишда нўноқ, фаолият турини танлашда иккиланмоқда ёки банкларнинг кредит сиёсатидан бехабар. Бошқасининг ўз соҳаси бўйича иш топишига кўзи етмаяпти - қаерга бормасин, рад жавобини олмоқда. Хуллас, ҳар қандай ҳолатда бояги мутахассис битирувчига амалий ёрдам кўрсатиши керак. Содда қилиб тушунтирганда, бола тадбиркор бўламан деяптими, уни банк ходими, солиқчи ҳамда бошқа керакли мутахассислар билан учраштиради, шу йўналишдаги турли танловларга жалб этади, имтиёзларни тушунтиради ва ҳоказо. Мақсад - ўша йигит ёки қизнинг доимий иш топишига эришиш. Борингки, ўқувчи бирон жойда ишламоқчию, аммо корхона ёки ташкилот айни дамда у билан меҳнат шартномасини тузолмаса ҳам масъул мутахассисимиз аралашади, маҳаллий ҳокимлик ёрдамида масалани имкон қадар ҳал этишга ҳаракат қилади. Бундай янгиликлар ҳар бир битирувчи, қолаверса, ота-онасининг ҳам қулоғига етиб бориши шарт ва зарур. Шу мақсадда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг кираверишига махсус баннерлар ўрнатиляпти. Уларда қайси ўқувчи қайси мутахассисга бириктирилгани ҳақидаги маълумотлар эълон қилинади.

    Маълумки, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари охирги босқичда эгаллаётган соҳаси бўйича тўрт томонлама шартнома асосида битирув олди амалиётини ўтайди. Бу бўлғуси мутахассис учун иш берувчи олдида ўз билим ва маҳоратини намоён этишга имкон берувчи қулай фурсатдир. Мазкур тажриба давлат сиёсатига ҳам хизмат қилишини унутмаслик даркор. Зотан, мантиқан ўйлаб қараганда, битирувчи корхона ёки ташкилотда нафақат амалиёт ўтайди, балки кейинчалик ўша ерда муқим ишлаб кетишни ҳам ўйлайди. Асл муддао шунда. Амалда у ўзини оқлаб келяпти.

    Статистикага қараганда, ўқувчиларнинг 60 фоизидан ортиғи амалиёт ўтаган корхона ё ташкилотда илк иш фаолиятини бошламоқда. Бироқ айни жараён рисоладагидек кечяпти, дейишга ҳали эрта. Катта-кичик муаммолар барибир учраб турибди. Айниқса, олдинги йилларда кузатилган битирувчиларни ишга жойлаштириш, хусусан, тўрт томонлама шартномалар тузишдаги юзакилик, қўшиб ёзиш ҳолатларидан кўз юмиб бўлмайди. Бу ҳақда ҳатто ҳукумат даражасида бонг уриляпти, кескин чоралар кўришга ўтилган. Юртбошимиз томонидан янгича механизм яратиш ғояси бежиз илгари сурилгани йўқ. Сабаби номигагина тузилган тўрт томонлама шартномалар ва қоғоздагина топилаётган иш ўринларидан, авваламбор, сизу бизнинг фарзандларимиз жабр кўрмоқда, овораю сарсон бўлмоқда. Коллежни тамомлагач, вақтида эътибор берилмагани ва муаммоси билан яккама-якка қолдирилгани туфайли жўяли иш тополмай, ноиложликдан ўзини савдо-сотиққа урган ёки хорижга чиқиб кетган, ундан ҳам ёмони, вайронкор кучлар қутқусига учган ёшларимиз йўқми? Вазият бошқача бўлганида, ажаб эмаски, бугун улар бир корхонанинг илғор ишчиси, ўз соҳасининг етук мутахассиси ёки зўр тадбиркор сифатида элу юрт хизматида юрар эди…

    Хуллас, муаммолар ўзимизники. Йўл қўйилган хато-камчиликларни тузатиш ўз қўлимизда. Муҳими, улар олдида кўз юммаслик, тўғри хулоса чиқариб, юксалиш сари интилмоқдир. Юқорида тилга олинган икки ҳужжат ижрога киритилганига жуда оз фурсат ўтган бўлса-да айрим ижобий ўзгаришлар ҳозирданоқ кўзга ташланяпти. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий сайти - www.mehnat.uz электрон манзилида Миллий вакансиялар базаси жойлаштирилди.

    - Веб-ресурс тезкор янгилаб борилади, - таъкидлайди Ж. Турғунбоев. - Сабаби май ойидан барча иш берувчиларга ўзидаги вакансиялар ҳақидаги маълумотни илгаригидек қоғоз шаклида эмас, балки электрон тарзда тақдим этиш имконини яратиб бердик. Бу тизим ниҳоятда қулай, ортиқча ташвиш туғдирмайди. Ҳозир базада 11 минг ташкилотда мавжуд 71 минг 750 дан зиёд бўш иш ўрни ҳақида маълумот жамланган. Исталган фуқаро талабига мос ишни, географик жойлашувию ойлик маошини ҳисобга олган ҳолда, саноқли сониялар ичида топиши мумкин. Айнан ўрта махсус маълумотли кадрларга кўпроқ техник йўналишлар - IT мутахассиси, чилангар, пайвандчи, механик, монтёрлик ишлари таклиф қилинмоқда. Сайтимизда бўш иш ўринлари ярмаркаларига буюртма бериш хизмати ҳам йўлга қўйилган. Жорий йил режасига кўра, ҳудудлардаги таълим муассасаларида 800 та ихтисослаштирилган меҳнат ярмаркаси ташкил этилади. Бундан ташқари, муайян корхона ҳам ўзи ташаббус кўрсатиб, шундай тадбирни ўтказиш тўғрисида www.mehnat.uz сайтида эълон бериши мумкин.

    Яна бир хушхабар: жорий йилнинг 5-16 июнь кунлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги юртимизда илк бор “Стартап ҳафталиклари” лойиҳасини амалга оширади. Республика бўйича давом этадиган тадбирлар чоғида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари ўз бизнес ғояларининг тақдимотини ўтказиши мумкин. Энг самарадор лойиҳалар молиялаштириш учун банкларга тавсия этилади.

    Наргиза УМАРОВА,

    «Turkiston» мухбири.

    («Turkiston» газетасининг 2017 йил 31 майдаги 44-сонидан олинди)