Уюшмаган ёшларни касбга йўллаш йўлида

    08:48 24 Июль 2017  Бандлик 611

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ўтказилаётган барча соҳалардаги эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Қайси соҳа ёки тармоқда бўлмасин, долзарб муаммолар аҳоли билан очиқ муҳокама қилиниб, уларнинг ечими топилмоқда.

    Бу борада энг устувор йўналишлардан бири ёшларнинг таълим-тарбияси, дунёқараши, она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини, келажакка бўлган ишончини ошириш, уларни турли мафкуравий таҳдидлардан асраш, “оммавий маданият” деб номланган тўрга тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган мақсадли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришдан иборатдир.

    Энг муҳим масалалардан бири бўлган ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳам ҳозирги кунда биринчи устувор масала бўлиб қолмоқда. Айниқса, уюшмаган ёшларни ҳар қандай ғоявий таҳдидлардан сақлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада Чортоқ тиббиёт коллежида ташкил этилган “Ўқув-даволаш диагностика маркази”да ана шу йўлда бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.

    Тиббиёт ходимларидан ташкил топган ушбу марказ фаолияти асосан тиббий хизмат кўрсатиш, диагностик таҳлиллар қилиш ва кундузги муолажаларни ўтказишдан иборат. Яқинда бўлим бош шифокори Турсунали Мамадалиев томонидан яна бир хайрли ишга қўл урилди. Марказда уюшмаган ёшларни касбга йўллаш мақсадида “Уй ҳамширалари” ва “Ёш оналар мактаби” курслари ташкил этилди.

    Ўқув марказининг асосий вазифаси оилада тиббий маданиятни шакллантириш, ўз оилам саломатлигига маъсулман, деган ғояни олға суришдан иборат бўлиб, унда 186 соатлик ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. Ўқув марказини битирган ёшлар эса махсус гувоҳномаларга эга бўладилар.

    Ҳозирги кунга келиб, ушбу курсга қизиқувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Айниқса, бўлажак уй бекалари ҳисобланган қизлар учун “Оналар мактаби”нинг ташкил этилиши, бир вақтнинг ўзида қизларимизни оилага, келинликка, оналикка тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундай янгиликдан туман аҳолиси ҳам беҳад хурсанд.

    Куни кеча вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тожиматов ушбу марказга ташриф буюриб, ўқув курсларини янада жонлантириш ва бу орқали уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлашга асосий эътиборни қаратиш зарурлиги ҳақида фикр билдириб, келгусида бажарилиши лозим бўлган бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

    М. МАМАТЖОНОВА,

    коллеж директорининг ММИБ ўринбосари.