Мутахассислигинг - сенинг келажагинг

    17:01 11 Май 2017  Бандлик 598

    Ҳаммамизга маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлод таълим-тарбиясига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Юртимизда ёшларнинг яхши билим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

    Уйчи туманидаги Ёрқўрғон қишлоғи, Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 38-сонли умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилфуза Мирзахалилова ташаббуси билан 9-синф битирувчи-ўқувчилари ўртасида “Мутахассислигинг – сенинг келажагинг” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

    Тадбирда тумандаги қишлоқ хўжалик, Ғайрат педагогика ва Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари Аҳмадали Арипов, Комила Низамова, Кимёхон Тошбаева, Машҳура Убайдуллаевалар иштирок этишди.

    Ғайрат педагогика коллежида 7 турдаги, қишлоқ хўжалик коллежида 8 турдаги, Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида 9 турдаги таълим йўналиши бўйича ўқувчилар таълим-тарбия олмоқдалар.

    Мактаб ўқувчилари ўтказилган тадбирдан керакли маълумотларга эга бўлган ҳолда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

    Тадбир якунида Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ўқувчиларга ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний ақидапарастликкка, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик, ҳар бир ўқувчи ўз келажаги йўлида доимо изланиши ва мутахассислик танлашда ўзининг қизиққан соҳаси бўйича билим олиши лозимлиги тушунтирилди.

    Умиджон СУЛТОНОВ,

    Уйчи туманидаги Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби.