Тараққиётга тадбиркорлик билан эришилади

    05:50 06 Май 2019  Битирувчи 79

    Тадбирли иш тутиш азал-азалдан халқимизга хос хусусият. Лафзи ҳалол савдогар, ишнинг кўзини билган ишбилармон боболаримиз, бир дастгоҳу бир калава ипдан ўз фаолиятини бошлаб, авлодлар учун катта бир мактаб яратган ҳунарманд сулолалар – буларнинг барчаси ҳақида ўтмиш саҳифаларини варақлаб, истаганча маълумот тўплашимиз мумкин. Не бахтки, бугун ҳам мамлакатимиз ёшлари орасида тадбиркорликда ноёб иқтидор ва салоҳияти бор йигит-қизлар жуда кўп.

    Косонсой технология иқтисодиёт коллежи яқин йиллар ичида ана шундай юзлаб ёш тадбиркорларни катта ҳаётга йўллаган таълим масканидир. Бугун 374 нафар битирувчи таҳсил олаётган коллежда ўттиздан зиёд ўқувчилар ҳозирданоқ ўз бизнесини йўлга қўймоқда.

    Мухтасар Абдуваҳобова ва Умида Ҳусанбоевалар - тикувчилик йўналиши ўқувчилари. Табиатан шу соҳага иштиёқи баланд қизлар «Ҳар бир оила – тадбиркор» Давлат дастури доирасида «Агробанк» Косонсой туман филиалидан 3 миллион сўмдан кредит олиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш олиб боришяпти.

    - Сўнгги русумдаги тикув машиналарини олдик, бу бизга ўз ишимизни янада мукаммал бажаришимиз учун қўл келаяпти, - дейди У. Ҳусанбоева. – Мен ҳозирча буюртма асосида аёллар либосларини тикаяпман. Келгусида хусусий корхона очиб, кенг турдаги аёллар ва болалар кийим-кечакларини ишлаб чиқариш ниятидаман.

    Яна бир битирувчи Муҳаммадсодиқ Амонуллаевга тикувчилик бобо касб. У 65 ёшли бобоси Амонулла ота Сайфуллаевдан бу заҳматли ҳунарнинг сир-асрорини ўрганган. Айни пайтда тадбиркорлик оламига дадил қадамлар билан кириб келаётган Муҳаммадсодиққа дадаси Аҳмадали ака ҳамфикр. Туман марказидаги маиший хизмат кўрсатиш мажмуасидан ижарага олинган хоналарда иш қизғин.

    - Асосан 10 турдаги эркаклар костюм-шими, пальтоси, кузги кийимларини тикиш билан шуғулланамиз, - дейди Муҳаммадсодиқ биз билан суҳбатда. – Вилоятдаги 7 та савдо дўконлари билан тузилган шартномага асосан маҳсулотларимиз бозорга чиқариляпти. Шу кунгача банклардан ажратилган 38 миллион 250 минг сўм кредит эвазига ҳозирча 3 та иш ўрни яратдик. Яқинда Наманган шаҳридаги «Istiqlol Tekstil Dizayn» ОАЖ билан ўғил ва қиз болалар учун мактаб формаларини тикиб-тайёрлаш юзасидан шартнома туздик. Банкдан яна 15 миллион сўм кредит олиб, тикув машиналари сонини кўпайтириш, иш ўрнини ўнтадан ошириш режамиз бор.

    Коллежнинг яна бир битирувчиси Баҳромжон Набиевнинг ҳам ишбилармонлик қобилияти кучли. У «STOCKBROКER» МЧЖга асос солди. Айни пайтда оилавий даромадлари ҳисобидан аҳолига компьютер хизматларини кўрсатиб, ёшлар учун бизнес режалар тузишга кўмаклашмоқда. Баҳромжон Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кўмагида 20 миллион сўм кредит олиш ҳаракатида. Агар бу имконият амалга ошса, унинг фаолият тури янада кенгаяди, янги иш ўринлари яратилади.

    Ҳозирда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдосини йўлга қўйган ўқувчилардан бири Никита Гавва коллежнинг бухгалтерия ҳисоби йўналишида ўқийди. У ҳам банкдан 10 миллион сўм кредит олмоқчи. Бу билан у аҳолига компьютер хизматлари кўрсатиш йўналишида ҳам ўзини синаб кўрмоқчи.

    Банк иши йўналишида таҳсил олаётган Жавлонбек Баҳриддинов компьютер дастурларини яратишга қизиқади. Бу борада унинг билим ва малакасига ҳавас қилиш мумкин. Тинмай ўқиб-ўрганаётган бу ўқувчининг компьютер дастурларини ишлаб чиқиш ва компьютер хизматларини ташкил этиш бўйича мукаммал бизнес режаси бор. Айни пайтда уни амалга оширишга киришган ҳам.

    - Бугунги кунга келиб 15 нафар битирувчиларимиз учун 45 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилишига муваффақ бўлдик, - дейди коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари Мунаввархон Субанова. - Яна 18 нафар ўқувчининг бизнес режалари учун кредитлар ажратилиши кутилаяпти. Ўқувчиларимизнинг танлаган йўналишларида тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун олдиндан қанча ҳаракат қилсак, улар коллежни битирганларидан кейин ҳам фаолиятидан, қандай иш юритаётганидан хабардор бўлиб, керак бўлса, ўз маслаҳат ва тавсияларимизни бериб борамиз. Шу кунгача коллежимиздан учирма бўлган тадбиркор ўқувчиларимиз сони бир неча юздан ошиб кетди. Уларнинг аксарияти соҳада катта тажриба ҳам тўплаб улгурди. Биз ана шу тажрибадан ҳам унумли фойдаланишга интиляпмиз. Энг асосийси, ўқувчиларда тадбиркорликни йўлга қўйишга, ўз келажагини яратишга интилишнинг кучли экани.

    Дарҳақиқат, ўқувчилар билан суҳбатлашсангиз, улардаги иқтидор яққол кўзга ташланади. Мисол учун, компьютер инжиниринг йўналиши ўқувчиси Дилафрўз Ҳамрохўжаева асаларичилик билан машғул. Ҳозирданоқ бу ишни миридан-сиригача ўрганиб олган. Обод МФЙ ҳудудида парваришланаётган 30дан зиёд яшикдаги асаларилардан ҳар йили 20-22 миллион сўм даромад олади. Албатта, унга оиласидагилар яқиндан ёрдам беришади. Оиланинг 6 нафар аъзоси шу иш билан банд. Дилафрўз банкдан 50 миллион сўм кредит олиш ниятида.

    - Косонсой туманининг ҳавоси ниҳоятда тоза, яшил дунёси хилма-хил бўлгани сабабли бу ерда етиштирилган асалга талаб юқори, - дейди Дилафрўз. – Мана шундай имкониятга эга бўла туриб, нега энди ундан унумли фойдаланмаслигимиз керак?! Асаларичилик ҳам етти хазинанинг бири, энг муҳими, бу ишга сидқидил киришсангиз бас. Мен банкдан оладиган кредитим ҳисобига маҳсулот миқдорини янада оширишга, яна тўртта иш ўрни яратишга аҳд қилганман.

    Дилафрўз Абдураҳимова эса ишлаб чиқариш йўналишидаги тадбиркорлик фаолиятини 100 миллион сўм кредит ҳисобига йўлга қўймоқчи. У талаб юқори бўлган иш қўлқопларини ишлаб чиқариш ниятида.

    - Қурилиш ва бошқа соҳаларда қўлланиладиган бундай қўлқопларни ишлаб чиқарадиган корхона Косонсой туманида биттагина экан, - дейди Д. Абдураҳимова. – Шу сабабли мана шу йўналишда иш бошламоқчиман. Ускуналар ва хомашёнинг бир қисми Хитой давлатидан келтирилади. Ҳозирда Жар маҳалласидан цех учун жой ажратилди. Дастлаб 3 киши билан иш бошлаймиз, кейинчалик иш ўринлари кенгаяди.

    50 миллион сўм кредит ҳисобига озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиш ниятидаги Муҳаммадсодиқ Абдумажидовнинг ҳам режалари улкан. Умуман олганда, мақсадлари, аҳди, шижоати бўйидан баланд бу ёшларнинг ҳар бири тимсолида тараққиётга эришган юрт истиқболини кўриш мумкин. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бу каби ёшлар ўзларидаги кучли билим, ўзгалар томонидан кўрсатиладиган эътибор ва кўмак билангина оёғида мустаҳкам тура оладиган кучли тадбиркорларга айланадилар.

    Шаҳло ТОШБЕКОВА.