Ойдин манзиллар сари. Таълим муассасаларида "Оқ йўл сенга, битирувчи!" тантаналари бўлиб ўтди

    15:56 16 Июнь 2017  Битирувчи 574

    Мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол ўсиб-улғайиши, ўзи танлаган касб-ҳунар бўйича етук мутахассис бўлиб вояга етиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун барча имкониятлар яратилган. Узлуксиз таълимнинг ажралмас бўғини ҳисобланган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги коллеж ва академик лицейларда яратилган имкониятлар, ўқув жараёнига янги педагогик технологияларнинг жорий этилиши, амалиёт ўташ учун зарур моддий-техника базаси ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётганини бугун барчамиз кўриб билиб турибмиз.

    Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида битирувчиларга диплом топшириш тантаналари бўлиб ўтди. Тизимдаги барча касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг битирувчи-ёшлари дипломларга эга бўлиб, катта ҳаётга қадам қўйдилар. Битирувчи йигит ва қизлар қадрдон таълим муассасаси, севимли устозлари билан хайрлашдилар. Улар кўзларида севинч ёшлари, комил ишонч билан эртанги кунга қарамоқдалар. Зеро, мустақил Ватанимизда ёшларнинг муносиб таълим олишлари учун барча шароитлар муҳайё этилган. Бугунги битирувчиларнинг айримлари олий ўқув юртларида таълимни давом эттиришса, бир қисми ўз касб-ҳунари бўйича иш бошлайди. Тадбиркорликни ихтиёр этган битирувчилар эса банкларнинг имтиёзли кредитлари асосида ўз фаолиятларини йўлга қўядилар.

    Ўғил-қизларимизнинг нигоҳларидаги қувонч, келажакка комил ишончни кўриб, қалбимиз шодликларга лиммо-лим тўлди. Зеро, бугунги битирувчилар мамлакатимизда юз бераётган улкан ишларнинг давомчиларидир. Демакки, Ватан эртаси ишончли қўлларда.

    Азиз ёшлар, сизлар учун бугунги кун ниҳоятда қувончли ва шу билан бирга масъулиятли ҳамдир. Чунки катта ҳаётга илк қадамлар ҳамиша ҳаяжонли бўлади. Халқимиз, ота-онангиз, қолаверса, устозларингиз ишончига муносиб бўлинг. Мустақил юрт келажаги Сизнинг қўлингизда эканлигини ҳамиша ёдингизда тутинг.

    Ботирали ПИРМАТОВ