Мафкуравий бўшлиқнинг салбий оқибатлари

    16:01 16 Июнь 2017  Огоҳлик 11240

    XX аср ибтидосида воқеликка айланган социализм аср сўнггида ўз интиҳосини топди. Социалистик тузумнинг барбод бўлиши, социалистик мафкуранинг инқирозга учраши унга ишонган миллионлаб одамларни саросимага солиб қўйди. Хўш, агар бу мафкура нотўғри ва пуч бўлса, унда қайси мафкурага амал қилиш лозим? деган савол пайдо бўлди. Шундай қилиб, постсовет ҳудудидаги кўпгина мамлакатларда мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлди. Бу кўпгина ноанъанавий диний оқимлар учун айни муддао эди.

    Қайд этилган ҳолатлар миссионерлик фаолияти учун қулай замин яратди.

    Ҳали расман мустақилликка эришмасданоқ, Ўзбекистон ҳукумати динга хайрихоҳлигини кўрсатиб, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиб, ҳар бир фуқаро хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки умуман ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги мумкинлигини эътироф этди.

    Ушбу Қонун турли диний конфессиялар фаолиятига кенг имкониятлар яратиб берди. Кўплаб масжид ва черковлар фаолият кўрсата бошлади. Юртимизда олдин мавжуд бўлмаган баҳоийлик, Кришнани англаш жамияти каби янги конфессиялар пайдо бўлди. Христиан дини вакиллари ўз муқаддас китобларини чоп эта олишлари учун “Ўзбекистон Библия китоб жамияти” тузилди. Конфессияларга диний маросимларни ўтказиш, кадрлар тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратилиб, қонун доирасида турли шаклдаги фаолият билан шуғулланишларига йўл очиб берилди.

    Шунга қарамай, баъзи диний ташкилотлар қонунга хилоф ишларни, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунида ман қилинган миссионерлик фаолиятини амалга ошира бошладилар. Афсуски, айрим диний ташкилотлар бугун ҳам шундай фаолиятни амалга оширишга интилмоқдалар.

    Шулардан бири, миссионерларни оладиган бўлсак, улар ўзлари кўзлаётган мақсадларга эришадиган бўлсалар, фаолият олиб бораётган мамлакатда халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.

    Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан холи эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса унинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.

    Миссионерлик ҳақида сўз борар экан, аввало, ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга.

    Ушбу сўз лотин тилидаги «миссио» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.

    Турли луғатлар ва манбаларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилган. Уларнинг деярли барчасида миссионерликка хос хусусиятлар тавсифланиши баробарида, бу сўз асосан христиан дини билан боғланади.

    Умуман олганда, турли луғатлар ва манбаларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшаш бўлиб, уларга таянган ҳолда қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин. Авваламбор, миссионерлик - бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.

    Маълумотларга кўра, 38-йилдан миссионерлик тарихида янги саҳифа очилади ва яҳудий бўлмаганлар орасида христиан динини тарғиб қилиш ишлари бошлаб юборилади.

    Илк христиан миссионерлари аста-секин Ўрта денгиз бўйлаб Аппенин ярим оролига ҳам кириб боришади. Рим империясида уларга салбий муносабат билдирилса-да, улар империянинг марказий ҳудудлари ва пойтахтига кўчиб келишда давом этаверишган.

    IV асрга келиб миссионерлар хатти-ҳаракатлари натижасида христиан дини Рим империясида давлат динига айланди. Бу ҳодиса миссионерликдан сиёсий мақсадларда фойдаланишдаги илк қадам бўлди. Христиан миссионерлари аста-секин Европанинг шимолий ҳудудларига кириб бордилар. Рим империясининг улкан ҳудуди бўйлаб христианлик эски динлар устидан ғалаба қозонди.

    Миссионерлар фаолияти натижасида христианлик 400-500-йилларда Африкада мустаҳкам ўрнашиб олиб, ўз даври учун анча қудратли бўлган масиҳий қиролликлар пайдо бўлди. Улардан энг машҳури Ҳабашистон империяси эди. Ушбу қироллик катта ҳудудларни, ҳатто Арабистон ярим оролининг жанубини босиб олган ва арабларни масиҳийликка ўтказиш учун ўша пайтларда ҳам муқаддас ҳисобланган Макка шаҳрини вайрон қилмоқчи бўлган.

    XX асрга келиб, миссионерлик билан шуғулланган ташкилотларни бирлаштириш йўлида ҳаракатлар бошлаб юборилди ва илк халқаро протестант миссионерлик тузилмалари шакллантирилди. Биринчи бутунжаҳон протестант миссионерлари конференцияси 1910 йилда Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида бўлиб ўтди. Кейинроқ эса «Халқаро миссиялар кенгаши» тузилди. Бу кенгаш «Бутунжаҳон черковлари кенгаши»га аъзо бўлиб, протестант миссионерлигининг фаолиятини йўналтириб турувчи асосий ташкилот ҳисобланади.

    Миссионерлар мамлакатимиздаги вазиятга мослашган ҳолда ўз ҳаракатларини ташкил қилишга уринаётганликларини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Жумладан, христиан диний ташкилотларида ибодатларни ўзбек ва бошқа маҳаллий тилларда олиб бориш, махсус диний адабиётларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш йўлидаги ҳаракатлар батамом тўхтаган, деб бўлмайди. Хусусан, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, биринчи галда «Иегов гувоҳлари» диний ташкилоти вакиллари ўз миссионерлик фаолиятларини шу  тарзда олиб боришни давом эттиришга уринмоқдалар. Масалан, 2006 йилнинг сентябр ойидан эътиборан, черковнинг энг асосий нашрларидан бири бўлган «Сторожевая башня» журнали «Қўриқчи минораси» номи остида илк марта ўзбек тилида босмадан чиқди ва турли ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб киришга ҳаракат қилинмоқда. Айни пайтда, улар уйма-уй юриб, очиқдан-очиқ ўз динларига даъват қилишга, гўёки фақат уларнинг динлари ҳақиқийлиги, бошқа динлар эса ботил экани ҳақидаги ғояни сингдиришга ҳаракат қилмоқдалар. Миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар. Шунингдек, кар-соқовлар, ногиронлар орасида фаол иш олиб боришга ҳаракат қилиш ҳам тез-тез кузатилмоқда. Шу билан бирга, зиёлиларнинг турли қатламлари вакиллари - ўқитувчилар, врачлар, санъаткорлар орасида тарғиботни кучайтиришга интилиш ҳам мавжудлигини таъкидлаш зарур. Афсуски, бундай тарғиботга эргашаётган ва келиб чиқиши мусулмон бўлган фуқаролар ҳам кам бўлса-да борлигини қайд этиш лозим.

    Кўриниб турибдики, бундай бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолётганларнинг бари мафкурасининг бўшлиги, мафкуравий иммунитети камлигидан далолат беради. Агар киши ўз мустақил фикрига, маслагига ва эътиқодига эга бўлса, ҳеч қачон бундай ҳолларга тушиб қолмайди.

    Довудхон ИСАҚОВ