Асрнинг аянчли муаммоси

    10:13 15 Декабрь 2018  Огоҳлик 181

    ОИВ инфекцияси XXI асрнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб, у бутун ер юзига тарқалиб улгурди, кўплаб давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, ОИТС фақатгина тиббиёт муаммоси эмас, у бошқа соҳалар ривожига ҳам тўсқинлик қилади.

    ОИВ инфекцияси давомий сурункали юқумли касалликдир. Ретровирус туркумига кирувчи ОИВ инсон иммун танқислиги вирусини чақиради. Бу вирус қайнатилганда (100°С) 1-2 дақиқада ўлади, 10 дақиқа давомида 70° гача қиздирилганда, 30 дақиқада 56° гача қиздирилганда ўз фаолиятини йўқотади. Одатда, дезинфиция манбаларида 3% перекс водород бўлиб, 5% лизол эритмаси, 0,5% гипохлорит натрий эритмаси, 1% глютар альдегид эритмаси, 70% энанол, эфир, ацетондан иборат бўлиб, улар ташқи муҳит вирусини ўлдиради. Вирус донорлик қонида, музлатилган зардобда йиллар давомида сақланиши мумкин, аммо очиқ жойда 4-6 кун давомида 22°С ҳароратда яшаши мумкин.

    ОИВнинг шахсий гигиена буюмлари орқали юқишини инкор қилиб бўлмайди. Чунки ушбу воситаларда касаликка чалинганларнинг қони бўлиши мумкин.

    ОИВ одам иммун тизими ҳужайраларини зарарлайди. Аста-секин иммун ҳужайралар камайиб, касаллик организмнинг иммунодефицит ҳолатига қараб ривожланади. Улар оппортуник инфекциялар, бактериал, вирусли ва замбуруғли инфекцияларни чақиради ва деярли барча орган ва тизимларни ишдан чиқаради.

    ОИВ инфекцияси ташҳиси тасдиқлангандан кейин бемор рўйхатга олинади. Сўнгра бемордан ОИТСга қарши курашиш ҳудудий марказларида иммунологик, клиник-биокимёвий ва вирусологик таҳлиллар олинади. АРВТ (Антиретровирустерапия)нинг бошланиш кўрсаткичлари аниқланади. Беморни даволаш ОИТСга қарши курашиш марказларида олиб борилади.

    Ҳамида ҚОДИРОВА,

    вилоят ОИТСга қарши кураш маркази юқумли касалликлар шифокори.