"Саломатлигимиз ўз қўлимизда"

    10:12 15 Декабрь 2018  Маънавий-маърифий тадбирлар 107

    Тўрақўрғон компьютер технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежида ҳам Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди. У “Саломатлигимиз ўз қўлимизда” деб номланди.

    Давра суҳбатида Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Ахси қишлоқ оила поликлиникаси врачлари Абдумажид Аҳмедов ва Комила Исоналиевалар иштирок этиб, мутахассис сифатида соғлом турмуш тарзига риоя қилишнинг аҳамияти, юқумли касалликларнинг олдини олиш йўллари, фавқулодда ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатиш тартиби юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ўқувчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

    Шунингдек, 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни ва 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ҳам тадбирлар ташкил этилди. Коллежнинг ахборот-ресурс маркази ўқув залида бўлиб ўтган мунозара кечасида жисмоний имконияти чекланган инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш юксак инсоний фазилат экани ҳақида сўз борди. “Конституция - бахтимиз қомуси” деб номланган беллашувда гуруҳлар Конституциямиз мазмун-моҳиятини ифодаловчи расм, буклет ва фотосуратлардан иборат кўргазма ташкил этишди. Улар орасида “Адолат” гуруҳининг кўргазмаси энг яхши деб топилди.

    Бу каби тадбирлар ўқувчиларнинг маънавий оламини янада бойишига хизмат қилмоқда.

    Тадбирларни ўтказишда коллежнинг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Анваржон Давлатовнинг ҳиссаси катта бўлди.

    Дилфуза ОМОНОВА,

    коллеж АРМ раҳбари.