Энг яхши дўст

    10:43 15 Декабрь 2018  Маънавият 326

    Дунёда шундай бир неъмат борки, уни донолар руҳнинг озуқаси, маърифатнинг калити, маънавиятнинг илдизи дейдилар. Бу - китобдир.

    Китоб - зиё манбаи, шу боис кўп китоб ўқиган кишини зиёли дейдилар. Китобга меҳри тушган кишилар қалбида ёмонликка ўрин қолмайди. Улар ҳаётда асардаги ижобий қаҳрамонлардек бўлишга интилади, ноинсоний хатти-ҳаракатлардан, хатоликлардан ўзини тияди.

    Дунёда яхши китоблар жуда кўп. Масалан, айрим асарларни қайта-қайта ўқисангиз ҳам тўймайсиз. Мен учун ўзбек адибларидан Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ўткир Ҳошимов сингари буюк адибларнинг ҳар бир асари ана шундай китоблардан, десам муболаға бўлмайди.

    “Китобдан яхши дўст бўлмас”, дейдилар. Аммо айримлар китоб, газета журнал ўқишга вақтлари йўқлигини баҳона қиладилар. Юрагида китоб ўқишга ихлоси бор киши уйқудан кечиб ҳам китоб варақлайди. Китоб ўқимаган кимсалар мутолаа лаззатидан, билимдонлик бахтидан маҳрумдирлар. Аслида китоб ўқиган инсон мулоҳаза юритади, ўйлайди. Китоб етти мўъжизанинг бири сифатида инсон ақлу тафаккурининг, даҳолигининг ҳосиласидир. Чиндан ҳам бу мўъжиза буюклиги, муқаддаслиги билан жамият тараққиётига ҳисса қўшади.

    Шундай экан, ўқувчилар қалбида китобга меҳр уйғотиш, мутолаа маданиятини ривожлантириш учун бор куч-салоҳиятимизни сафарбар этайлик.

    Олияхон УБАЙДУЛЛАЕВА,

    Тўрақўрғон энергетика касб-ҳунар коллежи АРМ раҳбари.