Замонавий педагогик технологиялар ва уларни таълим жараёнида қўллаш

    10:14 29 Август 2018  Ўқитувчига ёрдам 2667

    Ҳозирги вақтда илғор педагогик технологияларни қўллашда замонавий ахборот технологиялари кенг имкониятлар яратмоқда. Инновацион технологиялар ҳамда замонавий услублар таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириб, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Мазкур инновацияларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан таълим муассасасида амалга оширилаётган инновацион фаолиятнинг тўғри ташкил этилганлигига боғлиқдир.

    Ўзбекистонда таълим соҳасидаги кучли ва изчил сиёсат, бир томондан, жаҳон таълим стандартларининг юксак даражасига эришишга қаратилган, иккинчи томондан эса халқимизнинг маънавий-маданий қадриятлари ва ўзига хослигини ҳисобга олади.

    2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фан ва таълим соҳаларини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари сифатида илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш белгиланган.

    Ўз навбатида, 2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга хизмат қилади ҳамда иқтисодиёт ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида инновацион жараёнларни жадаллаштиришга катта туртки беради.

    Касб-ҳунар таълими тизимида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли касб-ҳунар коллежларида инновацион фаолият тўғри ташкил этилиб, рақобатбардош кичик мутахассислар тайёрлаш мақсадида таълимнинг сифат ва самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

    Бизнинг коллежимизда илғор инновацион технологиялар асосида дарс жараёнини ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, дарс ўтиш хоналари эстетик жиҳатдан талаб даражасида тайёрланди, аудиториялар ахборот технологияларидан фойдаланиб дарс ўтишга мослаштирилди. Булар ўқувчиларнинг сифатли ва самарали билим олишларида асосий техник воситалар бўлиб ҳисобланади. Шунинг билан бирга ҳозирда дарсларни инновацион технологиялар асосида ташкил қилиш, ёш ўқитувчиларнинг методик маҳоратини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Сабаби, ҳозирги кунда таълим жараёнида интерактив методлар, инновацион технологиялар, педагогик ва ахборот технологияларини ўқув жараёнида қўллашга бўлган қизиқиш кучайиб бормоқда. Бундай бўлишининг сабабларидан бири, шу вақтгача анъанавий таълимда ўқувчилар фақат тайёр билимларни эгаллашга ўргатилган бўлса, замонавий технологияларда эса, уларни билимни ўзлари қидириб топишларига, мустақил ўрганиб таҳлил қилишларига, ҳатто хулосаларни ўзлари чиқаришларига ўргатади. Педагог бу жараёнда ўқувчи шахсининг ривожланиши, шаклланиши, билим олиш ва тарбияланишига шароит яратади ва шу билан бир қаторда бошқарувчилик, йўналтирувчилик функциясини ҳам бажаради.

    Шунинг учун касб-ҳунар коллежларида сифатли мутахассисларни тайёрлашда замонавий ўқитиш методлари – интерактив методлар, инновацион технологияларнинг ўрни ва роли бениҳоя каттадир. Бунда педагогик технология ва педагогик маҳоратга оид билим, тажриба ва интерактив методлар ўқувчиларни билимли, етук малакага эга бўлишларини таъминлайди.

    Инновацион технологиялар педагогик жараён ҳамда ўқитувчи ва ўқувчи фаолиятига янгилик, ўзгаришлар киритиш бўлиб, уни амалга оширишда асосан интерактив методлардан тўлиқ фойдаланилади.

    Интерактив методлар – бу жамоа бўлиб фикрлашдан иборат деб юритилади, яъни педагогик таъсир этиш усуллари бўлиб, таълим мазмунининг таркибий қисми ҳисобланади. Бу методларнинг ўзига хослиги шундаки, улар фақат педагог ва ўқувчиларнинг биргаликда фаолият кўрсатиши орқали амалга оширилади.

    Ўқитувчи ва ўқувчининг мақсади бўйича натижага эришишида қандай технологияни танлашлари улар ихтиёрида, чунки ҳар иккала томоннинг асосий мақсади аниқ: натижага эришишга қаратилган, бунда ўқувчиларнинг билим савияси, гуруҳ характери, шароитга қараб ишлатиладиган технология танланади. Масалан, натижага эришиш учун балки, компьютер билан ишлаш лозимдир, балки фильм, тарқатма материал, чизма ва плакатлар, турли адабиётлар, ахборот технологияси керак бўлар, булар ўқитувчи ва ўқувчига боғлиқ.

    Бундан ташқари, ўқитиш жараёнини олдиндан лойиҳалаштириш зарур, бу жараёнда ўқитувчи ўқув предметининг ўзига хос томонини, жой ва шароитини, энг асосийси, ўқувчининг имконияти ва эҳтиёжини ҳамда ҳамкорликдаги фаолиятини ташкил эта олишини ҳисобга олиши керак. Шундагина, кутилган натижага эришиш мумкин. Қисқа қилиб айтганда, ўқувчини таълимнинг марказига олиб чиқиш керак.

    Ўқитувчи томонидан ҳар бир дарсни яхлит ҳолатда кўра билиш ва уни тасаввур этиш учун бўлажак дарс жараёнини лойиҳалаштириб олиш керак. Бунда ўқитувчи томонидан бўлажак дарснинг технологик харитаси ҳар бир мавзу, ҳар бир дарс учун ўқитилаётган предмет, фаннинг хусусиятидан, ўқувчиларнинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тузилади.

    Бундай технологик харитани тузиш осон эмас, чунки бунинг учун ўқитувчи педагогика, психология, хусусий методика, педагогик ва ахборот технологиялардан хабардор бўлиши, шунингдек, жуда кўп методлар, усулларни билиши керак бўлади. Ҳар бир дарсни ранг-баранг, қизиқарли бўлиши аввалдан пухта ўйлаб тузилган дарснинг лойиҳалаштирилган технологик харитасига боғлиқ.

    Дарснинг технологик харитасини қай кўринишда ёки шаклда тузиш бу ўқитувчининг тажрибаси, қўйган мақсади ва педагогик маҳоратига боғлиқ. Технологик харита қандай тузилган бўлмасин, унда дарс жараёни яхлит ҳолда акс этган бўлиши ҳамда аниқ белгиланган мақсад, вазифа ва кафолатланган натижа, дарс жараёнини ташкил этишнинг технологияси тўлиқ ўз ифодасини топган бўлиши керак. Технологик хаританинг тузилиши ўқитувчидан дарс ишланмасини ёзиш учун асосий восита бўлиб ҳисобланади, чунки бундай харитада дарс жараёнининг барча қирралари ўз аксини топади.

    Ўқитиш жараёнида ўқувчиларга шахс сифатида қаралиши, турли педагогик технологиялар ҳамда замонавий методларнинг қўлланилиши уларни мустақил, эркин фикрлашга, изланишга, ҳар бир масалага ижодий ёндашиш, масъулиятни сезиш, таҳлил қилиш, илмий адабиётлардан унумли фойдаланишга, энг асосийси, ўқишга, фанга, педагогга ўзи танланган касбига бўлган қизиқишларини кучайтиради.

    Бундай натижага эришиш амалиётда ўқув жараёнида инновацион ва ахборот технологияларни қўллашни тақозо этади. Улар жуда хилма-хилдир. Замонавий методлар, ўқитишнинг самарасини оширишга ёрдам берувчи технологик тренинглар ўқувчиларда мантиқий, ақлий, ижодий, танқидий, мустақил фикрлашни шакллантиришга, қобилиятларини ривожлантиришга, рақобатбардош, етук мутахассис бўлишларига ҳамда мутахассисларга керакли бўлган касбий фазилатларни тарбиялашга ёрдам беради.

    Бундай ўқитиш усулларини ташкил этиш учун педагогнинг инновацион фаолиятини самарали амалга ошириш бир қатор шарт-шароитларга боғлиқ. Унга педагогнинг тайинли мулоқоти, қарама-қарши фикрларга нисбатан муносабати, турли ҳолатларда рационал вазиятнинг тан олинишини уқтиришга тайёрлиги инобатга олиниши лозим.

    Педагогнинг инновацион фаолияти – бу ўз ичига янгиликни таҳлил қилиш ва унга баҳо бериш, келгусидаги ҳаракатларнинг мақсади ва концепциясини шакллантириш демак. Ушбу режани амалга ошириш ва таҳлил қилиш самарадорликка баҳо беришни қамраб олади.

    Хулоса қилиб айтганда, инновацион фаолиятни тўғри ташкил этиш, таълим жараёнида юзага келган муаммоларни аниқлаш, муаммони ҳал этиш усулларини шакллантириш, унга доир қарор қабул қилиш ҳамда танлаб олинган қарорни амалга ошириш ва уни баҳолаш имконини яратиб, тизимнинг алоҳида таркибий қисмларидагина эмас, яхлитликда бутун жараёнга доир муаммоларни
    самарали ҳал этиш имконини беради.

    Янги педагогик технологияларнинг хислати шундаки, унда қўйилган мақсадларга эришиш кафолатини берувчи ўқув жараёни режалаштирилади ва амалга оширилади. Дарҳақиқат, машғулотларнинг муваффақиятли ўтишининг 80 фоизи таълим жараёнини тўғри лойиҳалаштириш, ташкил этиш ва уни амалга оширишга боғлиқдир.

    Келажакда таълим тараққиётини ҳаракатлантирувчи куч сифатида инновацион таълим ўқитувчи фаолиятини янгилаш, таълим-тарбия жараёнини мақбул қуришга, ўқувчи ёшларда ҳур фикрлилик, билимга чанқоқлик, Ватанга содиқлик, инсонпарварлик туйғуларини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

    Муҳаммаджон МИРЗАМАҲМУДОВ,

    Уйчи тумани Ғайрат педагогика коллежи директори.