Маҳорат тажриба ва синовда сайқал топади

    09:26 06 Март 2019  Таълим 134

    Мамлакатимизда барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам кўплаб янгиликлар жорий этилмоқда. Жумладан, аввал хабар берилганидек, касб-ҳунар таълими марказининг тегишли буйруғига биноан, 2018-2019 ўқув йилининг иккинчи ярим йиллигида касб-ҳунар коллежларида касбий фанлар бўйича жорий ва оралиқ назорат турларида тест синовлари ўрнига ёзма ишлар орқали ўқувчилар билимларини баҳолаш тизими тажриба-синовдан ўтказилиши белгиланган эди. Юқоридаги буйруққа мувофиқ, айни пайтда ўз йўналиши бўйича вилоятдаги етакчи таълим муассасаларидан ҳисобланган Чортоқ маиший хизмат ва Тўрақўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежларида ушбу янгилик бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

    - Муҳтарам Президентимиз доимо ёшларнинг етук мутахассис бўлиб етишиш, билан бир вақтнинг ўзида ҳар томонлама билимдон, юксак маънавиятга эга бўлишлари лозимлигини таъкидлайдилар. Аҳоли, хусусан ёш авлод ўртасида китобхонликнинг кенг тарғиб қилиниши ҳам бежиз эмас, - дейди Чортоқ маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Абдулло Холиқов. - Шу маънода олиб қараганда, жорий ва оралиқ назоратнинг тест эмас, ёзма иш асосида бўлиши ўқувчининг яхши баҳо олиш имкониятларини кенгайтириш билан биргаликда, ундан ўқиб-изланишни талаб қилади. Ушбу янгилик хусусида устозлар, ота-оналар ва ўқувчилар ҳам ижобий фикр билдирмоқдалар.

    Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, бугунги кунда коллежнинг “Тикув ва тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи” тайёрлов йўналиши 3-босқич 599- ва 600- гуруҳларида, шунингдек, 2-босқич 604-гуруҳда тест синовлари ўрнига машғулотларда ўтилган мавзулар бўйича ёзма иш кўринишида тажриба-синов ўтказилмоқда. Мазкур жараёнга ижодий ёндашув эса натижанинг янада самарали бўлишига замин яратади.

    - Ўқувчилар билимини синовдан ўтказиш жараёнининг қизиқарли ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратяпмиз, - дея фикр билдирди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Зафаржон Жўрабоев. - Масалан, “Эслаб қол” ёки “Тўрт тасвир” каби педагогик ўйинлар ўқувчиларнинг мустақил ишлаш қобилиятини янада ривожлантириш, фанларни юқори даражада ўзлаштириш ҳамда уларнинг комплекс тайёргарлигини таъминлашда қўл келади, деб ўйлайман.

    Таълим муассасасида етук кадрларни тайёрлаш бўйича салкам ярим асрлик тажриба тўпланган. Шунга биноан, тажриба-синов жараёнига жиддий ёндашган ҳолда ўз ишининг устаси бўлган устозлар танлаб олинди. Ўқитувчи-педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари Абдулҳамид Холиқов, Ўлмасхон Турсунова, Замирахон Мирзаакбарова, Моҳира Тошматова, Махфират Нишонова ҳамда Раҳимахон Қирғизова, шулар жумласидандир. Уларнинг кўп йиллик тажрибалари якунда ижобий натижаларни таъминлашига ишончимиз комил.

    Мазкур тажриба-синовнинг афзалликлари хусусида мутахассислар томонидан ҳам кўплаб ижобий фикрлар билдирилмоқда. Якуний хулосаларни жорий ўқув йили якунига етгач, натижалар атрофлича таҳлил этилгандан сўнг билдириш ўринли, дея ўйлаймиз.

    Муҳаммадраҳим УММАТОВ