Фан ҳафталиги доирасида

    06:38 10 Ноябрь 2018  Таълим 70

    Наманган шаҳар ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежида “Мактабгача таълим” кафедраси ташаббуси билан “Касбим - фахрим” шиори остида фан ҳафталиги ўтказилди. Ҳафталик давомида эрталабки сафланиш чоғида кафедра катта ўқитувчилари Умия Усмонова, Омина Маҳкамова, Севара Қорабоева ва Зуҳра Бобожоновалар “Мактабгача таълим” касбига оид қизиқарли маърузаларни баён этишди.

    Шунингдек, тажрибали педагоглар Маҳмуда Холиқова, Ҳалима Мазоитова, Жумагул Қурбонова каби ўқитувчилар томонидан гуруҳларда янги педагогик технология ва ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда очиқ дарслар ўтказилди.

    Кафедра мудири, психология фани ўқитувчиси Дилрабо Мўминованинг ўқувчилар ўртасида ўтказган психологик тренинги уларнинг касбий дунёқарашини кенгайтирган бўлса, гуруҳларда ўтказилган кўрик-танловлар барчада катта таассурот қолдириш баробарида ўқувчилар билими ва кўникмасининг ошишига хизмат қилди. Ҳафталик давомида коллеж фойесида мунтазам янгиланиб борувчи кўргазма ташкил этилди.

    “Менинг севимли боғчам” деб номланган ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги куннинг энг долзарб ислоҳоти бўлмиш мактабгача таълим тизимига қўйилаётган талаблар, кадрларга оид давлат сиёсати доирасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

    Коллеж директори Шаҳноза Мамажонова мактабгача таълим мазмуни ва кадрлар сифатини ҳам янгича замонавий лойиҳалар асосида ривожлантириш зарурлиги давр талаби экани хусусида тўхталиб, кафедра аъзоларига ўндан ортиқ муҳим вазифаларни белгилаб берди.

    Тажрибали педагог Обидхон Отахонов ўтказилган очиқ дарслар, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда ўқув амалиётларида бериладиган таълимнинг барча турларида ижодкорлик муҳитини яратиш, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ўз устида ишлашига доир қўйиладиган талаблар хусусида фикр билдирди.

    Ҳафта якунида бажарилган ишлар, эришилган ютуқлар, ўтказилган тадбирлар сарҳисоб қилиниб, фаол ўқитувчи ва ўқувчилар раҳбатлантирилди. Бундай ҳафталикларнинг мунтазамлигини таъминлаган ҳолда келгуси ҳафтада “Аниқ фанлар” кафедраси ҳафталиги ташкил этиш белгиланди.