Бор меҳримиз сизга армуғон!

    09:20 06 Март 2019  Маданий 349

    Баҳорнинг илк лаҳзалари барчамизнинг қалбимизга илқ туйғулар олиб келди. Кўкламнинг майин насими, тоғ ёнбағрида бош кўтараётган баҳор элчилари - бойчечакларнинг оҳиста тебраниши, тошдан-тошга урилиб оқаётган зилол сувлар шовқини, қанот ёзиб учаётган қалдирғочларнинг чуғур-чуғури, куртак очиб гуллаётган оппоқ бодом гулларининг тотли ифори, сайроқи булбулларнинг шўх хониши, мажнунтол новдаларидан кокил солган хушрўй қизларнинг шодон кулгуси-ю, жажжи болажонларнинг кўкда варрак учириб хандон отиши - буларнинг бари соғиниб кутганимиз, фасллар келинчаги бўлмиш БАҲОРнинг жаннатмакон диёримизга ўз сепини ёйганидан дарак бераётир.

    Баҳор - байрамлар ярашган фасл. Айниқса, 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни нафақат аёллар, балки юртнинг кексаю ёши қалбига ўзгача иштиёқ бағишлайди. Ушбу кун хосиятининг улуғлиги ҳам шундаки, аёл Алпомиш ўғлонларнинг кўкси баланд тарбиячиси, билими, кучи, жасорати ва маҳорати билан жаҳон аҳлини ҳайратга чулғаётган йигит-қизларнинг доно муаллимаси, сийрати осмон эрларнинг ишончли сирдоши, ҳаётининг файзи-фариштасидир.

    Ҳа, аёл зиммасида улуғвор бурчлар талайгина. Уларни бажонудил адо этаётган опа-сингилларимиз ҳар қанча эъзоз, эҳтиром ва ҳурматга лойиқдирлар. Энг қувонарлиси, вилоятимиз касб-ҳунар таълими тизимида фидойи аёллар кўпчиликни ташкил этади. Уларни ардоқлаш, Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан табриклаш, тақдирлаш мақсадида вилоят касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси томонидан «Олмос» тантаналар мажмуасида тўкин дастурхон ёзилди. Байрам тадбирига тизимнинг фаол ходималари таклиф этилди.

    Табрик учун сўз олган вилоят касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тожиматов тантана иштирокчиларини, улар орқали соҳанинг каттаю кичик вакилаларини қутлар экан, энг эзгу тилакларни изҳор этди.

    - Юртимизда байрамона руҳ кезиб юрган айни паллада аёллар ҳақида энг муносиб ва гўзал ташбеҳларни айтиш бизга мамнуният бағишлайди, - деди Баҳодир Шаробиддинович. – Бугун мустақил Ватанимизнинг бахти бутун хотин-қизларига бутун дунё ҳавас қилса арзийди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек: «Яратганнинг бебаҳо мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз, қадрли оналаримиз, меҳрибон рафиқаларимиз, мунис опа-сингилларимиз, севимли қизларимиз ва набираларимиз ҳаётда бизга барча тўсиқларни енгиб ўтиш, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш йўлида доимо ғамхўрлик қилиб, ҳамиша чексиз ишонч, куч ва мадад берадилар. Сизларнинг оналик меҳрингиз ва саховатингиз, аёллик тароватингиз ва меҳр-оқибатингиз учун биз сизлардан умрбод қарздормиз».

    Дарвоқе, кундан-кун равнақ топиб, дунё саҳнасида ёруғ юз билан номини жаҳонга танитаётган Ўзбекистонимизнинг ҳар қайси жабҳасида аёлнинг ўзига хос ўрни бор. Жамият юксалишида унинг ҳам меҳнати, ҳиссаси бор экан, бир аёл учун шунинг ўзи - юксак баҳо.

    - Аёлнинг бир-биридан гўзал зийнатлари ҳақида соатлаб гапириш мумкин, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Иброҳим Жакбаров. – Тарихимизга назар ташласак, бемисл жасорати, юксак муҳаббати, вафою садоқати билан бутун инсониятга ўрнак бўлган аёллар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Тўмариснинг мардлиги, Барчинойнинг аҳдига содиқлиги, Бибихонимнинг донолиги, Анбар отиннинг назокатию Зулфиянинг садоқати олдида бош эгмасдан илож йўқ. Бугун ҳам ана шундай момоларидан қолишмайдиган сийратию сурати чин маънода гўзал аёлларимизнинг кўплиги кўнглимизга мунавварлик бахш этади. Эркак учун, у умр йўлдош бўладими, у ота бўладими ва ёхуд ака ё ука бўладими, аёл кўзларида бахт аксини, юзларида қувонч порлаганини кўришдан ортиқроқ бахт йўқ. Тилагимиз, оналаримиз, опа-сингилларимиз омон бўлишсин. Уларни нафақат байрамда, балки йилнинг ҳар бир кунида эъзозласак, оилаларимиздан тинчлик, файзу барака, ҳаётимиздан ҳаловат аримайди.

    Поп тумани Санг маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Шоирахон Абророва эса байрам тилакларини шундай ифода этади:

    - Уйда яхши бека, фарзандларига меҳрибон она бўлган соҳамиз вакиллари ўз меҳнат жамоасида ёниб турган чўғ кабидирлар. Уларнинг фидокорликлари таҳсинга сазовор. Биз ҳам жамоамиз номидан юртимизнинг латофатли қизларини, азиз ва мўътабар аёлларни, дуогўй онахонларни Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этаман. Аёлларимиз ҳар доим ўз ҳаётидан, толеидан мамнун бўлиб яшасин!

    Байрам тадбирининг кўплаб иштирокчилари ана шундай миннатдорлик сўзларини айтиб ўтдилар.

    - Аёлни биргина туйғу – меҳр бахтиёр этади, - деди улардан бири, Наманган шаҳар хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори Зуҳрахон Узақова. – Бу меҳр қай тарзда кўрсатилмасин, у аёлга куч беради, толиққан жисмига шижоат бағишлайди. Бугун биз ҳам самимий меҳрдан баҳраманд бўлмоқдамиз. Камтарона меҳнатларимизга нисбатан берилган юксак баҳолар, байрам совғалари ғайратимизга ғайрат қўшиши, шубҳасиз.

    Шўх куй-қўшиқлар, рақслар байрам тадбири иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бағишлади.

    Тантанали тадбирда барчага байрам совғалари топширилди.

    Ўз мухбиримиз