Истиқлолли Ватаним - истиқболли Ватаним

    08:26 22 Август 2018  Сиёсий 196

    Ўтаётган ҳар бир кун бизни энг улуғ, энг азиз байрам - мустақиллик айёмига яқинлаштирмоқда. Юртимиздаги беқиёс ўзгаришлар, инсон манфаатларига хизмат қилаётган ислоҳотлар негизида, албатта, истиқлол ва у берган имкониятлар ётади. Бундан кўнгилларимиз фахру ғурурга тўлиб, шукроналик туйғулари жўш уради. Юртбошимиз таъбири билан айтганда: “Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда”.

     

    “Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!”

    Инсон - эрк истайди. Уни бахтларнинг энг улуғи деб билади. Аммо унга эришмоқ осон эмас. Оташнафас шоир Абдулҳамид Чўлпон “ Кўнгил” шеърида:

    Кўнгил, сен бунчалар нега

    Кишанлар бирла дўстлашдинг?..

    ...Тириксан, ўлмагансан,

    Сен-да одам, сен-да инсонсен,

    Кишан кийма,

    Бўйин эгма,

    Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен! - дейди. Бу халққа хитоб, даъват ва халқнинг ўзлигини англашига илтижо эди.

    Афсуски, шўролар замонида қуллик қисматига кўникмайдиган, атрофидагиларни ҳам мудроқликдан қутулишга ундовчи пешқадамларнинг очиқ кўзларига чўп ташланди. Офтобни соғинганлар зулматга улоқтирилди. Не-не миллатимизнинг гуллари бешафқат тузумнинг қатағон қиличи остида хазон бўлди. Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Беҳбудий, Усмон Носир ва Ибрат сингари элимизнинг асл фарзандлари, ҳуррият фидойилари “халқ душмани” тамғаси билан бадном этилди.

    Дарахтнинг яшноқлиги унинг тупроққа чуқур томир отганида, илдизлари бутлигида. Миллатнинг уйғоқлиги эса ўтмишини, аждодлари кимлигини яхши билиши ва унутмаслигида. Мустамлакачилар бизни улуғ аждодларимиздан бегонасиратишга уриндилар. Юз ўттиз йиллик мустабид тузум жабру жафолари уч-тўрт авлоднинг қаддини дол, ақлини лол айлади. Яна ачинарлиси, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Муҳаммад Мусо ал Хоразмий ва Мирзо Улуғбекдек жаҳон тан олган даҳоларнинг ворисларини саводсиз атаб, менсимай қарадилар, бу туҳмат ва таҳқир эди. Аслида миллатимиз илмлиликда ҳеч бир халқдан кам бўлмаган.

     

    Ҳаётнинг қадрига етиш сабоғи

     

    Кечаги кунга, ўтмишга назар бугунги ҳаётнинг қадрига етиш сабоғини беради бизларга. “Бизнинг авлодимиз зиёлилар бўлишган, - дея эслардилар раҳматли бобом Нуруллоҳ қори Абдуллаев. - Дадамнинг оталари мулла Сулаймон Қўқон хони Худоёрхоннинг девонида мирзо эканлар. Абдулла ўғилларини Россиянинг Қозон шаҳрига ўқишга жўнатишган. Онамни Ширинбуви дейишарди. Исмлари жисмларига жудаям мос тушарди. Гап-сўзлари ёқимли ва фикрлари мағизлилигидан хотин-қизлар давраларига чинакамига файз киритиб юрардилар. Рус босқинидан кейин бобом анча азият чекканлар. Отамнинг косасиям на Оқпошшо, на шўролар замонида оқарди. Алдовларга, риёларга таянган жамиятда тобеларга толъе кулармиди? Колхозлаштиришга зўр берилган паллада еримиздан ҳам, бойлигимиздан ҳам ажралганмиз. Олий маълумот олишга имконим ҳам қолмаган. Охир-оқибат кетмон орқасидан кун кўрганмиз. Бизнинг оилани меҳр-оқибат мустаҳкам тутди. Фақат истиқлол даврига келибгина чинакам рўшноликка эришдик. Аллоҳ Фарзанду набиралар камолидан, шу улуғ Ватан жамолидан фахру ғурур туйишни насиб айлади”.

     

    Ҳуррият - диллардаги дур ният эди

     

    Чорак асрлик ҳуррият кечагина ота-боболаримиз учун, ундан аввалги ўтмишда бобо-момоларимиз учун дурният эди уларнинг кўнглида. Буни хонадонимиз фариштаси Анорхон момом ҳам кўп бор таъкидлаб туришади. Дилларидаги армонлар умрларининг аламли кечмишига айланган экан. Халқ толъесизлигини тилларига чиқаролмай, сохта жилмайиб, сохта сўзларнинг сиқувидан юрак-бағри эзилиб умргузаронлик қиларкан. Ўз ватанида ватансиздай сезаркан ўзини. Лекин ширин орзу-умидлар Ўзбекистонга ўзбекнинг ўзи бек бўлиши кераклигини тез-тез ёдга солиб турганини такрор-такрор эшитганим бор.

    Не бахтки, ҳадсиз армонлар қариди, кўнгиллардаги ният 1991 йилнинг 1 сентябрида ижобат бўлди. Биз мустақил бўлдик. Олдимизда эса ғоят мураккаб, ғоят машаққатли йўл турарди. Шунинг учун Биринчи Президентимиз қутлуғ қадамларнинг илк одимлари чоғидаёқ: “Ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз - бу гул билан қопланган йўл эмас, тоталитаризм меросидан халос бўлиш ва покланиш, мафкуравийлик иллати етказган зиён-заҳматларни бартараф этишнинг қийин, узоқ давом этадиган йўлидир”, деб халқимизни эзгу ният билан, сабр-бардош билан янги давлатни, янги жамиятни барпо этишга ундади.

     

    Рағбат ёғдусидан мунаввар кўнгил

     

    Ёшлик - умримизнинг бебаҳо ва бетакрор палласи. Юксак марраларни эгаллашга қодир ҳар бир тенгдошим истиқлол ислоҳотларида фаол қатнашиб, ҳаётда ўз ўрнини топиши керак. Бу - давр ва замон талаби.

    Бугун барча ёшлар қатори менинг кўнглимда ҳам мустақил Ватаннинг навқирон фарзанди эканлигимдан фахру ғурур бениҳоя улкан. Ўтган йили 30 июнь куни пойтахтимиз - Тошкентда ўтказилган қурултойда бизларни ғоят тўлқинлантирадиган, эртанги кунга ишончимизни янада орттирадиган умидбахш қарор қабул қилинди. Президентимизнинг анжумандаги дастурий вазифалар, қимматли тавсия ва таклифлар ифодаланган сермазмун нутқларини тинглаб, ҳаяжондан кўзларимда севинч ёшлари қалқди. Шу куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи деган янги тузилманинг эълон қилиниши, унинг мақсад ва вазифаларининг аниқ белгилаб берилиши, энг муҳими, ёшларга давлатимиз томонидан юксак эътибору рағбат ёғдирилиши ҳаётимизда унутилмас воқеа бўлди.

    Айниқса, Президентимизнинг: “Сизларга яхши маълум, ҳозирги вақтда юртимизда “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган шиор кенг тарқалиб, ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Лекин Ўзбекистонимизнинг мана шундай ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишдек масъулиятли вазифани ким ўз зиммасига олади? Албатта, фақат замонавий билим ва касб-ҳунарни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган сиз, азиз ёшларимиз майдонга дадил чиқиб, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этишга қодирсиз”, деган сўзлари мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида ёшларни жўшқин фаолият кўрсатишга ундади.

    Биз Президентимиз билан биргаликда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига қадам қўйдик. Шундай экан, умримизнинг бирор дақиқаси, бирор они жўшқинлик ва интилувчанликсиз кечмаслиги шарт. Ватанимизнинг ҳар жиҳатдан юксалиши кўп миллионли халқимизнинг фаоллигидан рўёбга чиқади. Ана шу халқ сафида сиз билан биз ҳам бормиз, тенгдошим. Бундан бениҳоя фахрланган ҳолда бутун куч-ғайратимизда, билим ва тафаккуримиз-да, оқилона ҳаракатларимизда ФИДОЙИЛИК яққол намоён этиши керак. Бу зиммамиздаги шарафли БУРЧ эканини, озод ва обод Ватанга САДОҚАТли бўлиш саодатига фақат ва фақат шундай яшаш ва курашиш билангина эришиш мумкинлигини бирор дақиқа унутишга ҳаққимиз йўқ!

    Манзура АБДУЛЛАЕВА