Давлат хизматчиси ва унинг ҳуқуқий мақоми

    04:47 28 Июль 2018  Сиёсий 357

    Бугунги кунда давлат хизмати соҳасида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, яқин вақт ичида давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги, «Прокуратура тўғрисида»ги, «Судлар тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа қонуности ҳужжатлар қабул қилинди.

    Ушбу қонун ҳужжатларида фақатгина маълум соҳадаги давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгилаб ўтилди. Лекин, соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонун қабул қилиш долзарблигича қолмоқда. “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат хизмати тизимини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишининг асосий тамойиллари, давлат хизматининг кадрлар таркибини шакллантириш, давлат хизматига ишга ўтиш, хизматни ўташ ва хизматдан кетиш масалалари, бу борадаги кафолатларни тартибга солиш учун “Давлат хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, давлат хизматчиларини моддий рағбатлантириш, меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминлаш тартибини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, давлат хизматига замонавий фикрлайдиган, ташаббускор, масъулиятли, касбий тайёрланган кадрларни жалб этиш, давлат бошқаруви ва ижроия органларида кадрлар ҳисобини юритувчи тизимни такомиллаштириш, юқори малакали кадрларни чет элга кетиб қолишининг олдини олиш, уларни давлат хизматига, иқтисодиёт тармоқларига кенг жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси, Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси, Ягона идоралараро «Кадрлар» замонавий ахборот тизимини яратиш ва жорий этиш назарда тутилмоқда.

    Республикамизда маҳаллий давлат хизматчилари фаолияти бевосита маҳаллий давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ва қонун ости ҳужжатлари билан уйғнунлашиб кетганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

    Ўзбекистонда “маҳаллий давлат органлари”нинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгилаб қўйилган. Конституциямизнинг 21-боби “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари” деб номланиб, 99-105-моддалар бевосита ушбу органлар ва уларда ишловчи хизматчиларни лавозимига тайинлаш ва озод этиш, шунингдек, бошқа маҳаллий давлат хизматчилари фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилишида асос вазифасини ўтаб беради. Тегишли маъмурий бирликлардаги энг лавозими юқори давлат хизматчиси тегишли вилоят туман (шаҳар) ҳокимлари эканлигини инобатга олсак, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 102-моддасига асосан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунга мувофиқ тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.

    Туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари тегишли вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли Халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади. Шаҳарлардаги туманларнинг ҳокимлари тегишли шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланади.

    Туманларга бўйсунадиган шаҳарларнинг ҳокимлари туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланади.

    103-моддада эса “Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосларида амалга оширадилар ва ўзлари раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва фаолияти учун шахсан жавобгар бўлишлари” кўрсатилиб, маҳаллий давлат органлари хизматчиларининг вазифаларига қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳосил қилиш; маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш; норматив ҳужжатларни қабул қилиш (фақатгина ҳокимлар томонидан) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмайдиган ваколатлар берилган.

    1993 йил 2 сентябрдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 5-боби “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари” деб номланиб, ушбу қонуннинг 21-23-моддаларида маҳаллий ижроия органлари, бошқача қилиб айтганда, баъзи бир маҳаллий давлат хизматчиларини лавозимига тайинлаш ва озод этиш механизмларини белгилаб берган.

    Юқоридагилардан ташқари, маҳаллий давлат хизматчилари тоифасига кирувчи бошқа бир қатор бошқарма, бўлинмалардаги хизматчиларнинг фаолиятига доир (шу жумладан, лавозимига тайинлаш ва озод этиш бўйича) алоҳида норматив ҳужжатлар мавжуд:

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 12-сонли қарори ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги “Давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисидаги низом”ни тасдиқлаш ҳақидаги 182- сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 январдаги “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар тўғрисидаги низом”ни тасдиқлаш тўғрисидаги 13-сонли қарорларини келтириб ўтиш мумкин.

    Юқоридаги қонун ва қонун ости ҳужжатларидан ташқари охирги вақтларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудий давлат бошқаруви органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида» 2016 йил 24 февралдаги 2497-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 апрелдаги “Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 123-сонли қарорлари маҳаллий давлат бошқарув органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат хизматчилари соҳасини такомиллаштиришда муҳим босқични бошлаб берди.

    Юртимизда олиб борилган маҳаллий давлат бошқаруви органларидаги хизматчилар соҳасидаги ислоҳотларни таҳлил қиладиган бўлсак ва дастлаб босқичма-босқич ушбу соҳани шакллантиришда илгари мавжуд бўлган бошқарувнинг ижобий жиҳатларини сақлаб қолган ҳолда такомиллаштирилишини кузатсак, сўнгги йилларда янги турдаги маҳаллий давлат хизматчилари лавозими жорий қилиниши орқали ривожланишни кузатиш мумкин.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 3 январдаги ПҚ-1456-сонли қарорига асосан, вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар масалалари бўйича ўринбосари ва котибияти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2691-сонли қарорига асосан шаҳар ва туманлар ҳокимларининг янги жорий этилаётган иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва ушбу соҳада ишловчи мутахассислар лавозимлари жорий этилди. Ушбу қарорлар маҳаллий ижро ҳокимияти хизматчиларини лавозимга тайинлаш бўйича мезонларни белгилаб берди.

    2016 йил 2 мартда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги” 62-сонли Қарори Республика давлат бошқарув органлари билан бир қаторда маҳаллий бошқарув органлари ходимларининг одоб-ахлоқ меъёрларига доир қонунчиликни белгилаб беради. Бир қарашда ушбу қарор маҳаллий давлат хизматчиларини лавозимига тайинлаш ва озод этишга дахлдор эмасдай кўрингани билан, ушу қарорнинг охирги қисмида, давлат хизматчиларини лавозимидан озод этишга олиб келувчи баъзи жиҳатлар акс эттирилганлигини кўриш мумкин. Жумладан, мазкур қарорнинг 16-бандида “давлат хизматчисини лавозимга тайинлашда ва хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши” зарурлиги келтирилган бўлса, бошқа қисмида эса уни лавозимидан озод қилинишига сабаб бўлиши мумкин бўлган жиҳатлар келтириб ўтилади.

    2017 йил 19 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 299-сонли қарори билан тасдиқланган “Жойлардаги ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари учун хизмат уй-жойларини қуриш, тақсимлаш, фойдаланиш, сақлаб туриш ва таъмирлашни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари учун уй-жойларни қуриш, тақсимлаш, фойдаланиш, сақлаб туриш ва таъмирлашни ташкил этиш тартиби белгиланди.

    Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирда маҳаллий раҳбар ва ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этувчи ва уларга имтиёз берувчи бир нечта қонун ва қонун ости ҳужжатлар мавжудлигини кўриш мумкин. Давлат хизмати тўғрисидаги қонунчилик сингари бу соҳа қонунчилиги ҳам тарқоқ ҳолатда ҳисобланади. Шунинг учун “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқишда қуйидагиларга эътибор бериш лозим деб ҳисоблаймиз:

    - давлат хизмати муносабатларининг умумий принципларини белгилашда маҳаллий давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақомига эътибор бериш;

    - давлат хизмати муносабатларининг босқичларини тартибга солишда маҳаллий ижро органларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиш;

    - “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилиш билан бир қаторда “Маҳаллий давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш.

    Дилмурод АРТИКОВ,

    Тошкент Давлат юридик университети ўқитувчиси.