Жамиятда ҳар бир аёлнинг ўз ўрни бўлсин!

    06:22 10 Ноябрь 2018  Ижтимоий 431

    Наманган шаҳридаги «Ёшлар маркази»да вилоят хотин-қизлар қўмитасининг V ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Конференцияда вилоят хотин-қизлар қўмитаси бошқаруви аъзолари, делегатлар, фаол аёллар, депутатлар, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди. 

    Конференцияда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозаров сўзга чиқиб, мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришларига кўмаклашиш, айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож опа-сингилларимиз яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни уй-жой ва иш билан таъминлаш масалаларида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталди. Фаол ва фидойи аёллар шижоатини эътироф этар экан, вилоят хотин-қизлар қўмитасига ҳокимликнинг совғаси - янги автомашина калитини топширди.

    Ана шундай кўтаринки руҳда бошланган конференцияда даставвал вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқарованинг ҳисобот-маърузаси тингланди.

    Айтиб ўтиш ўринлики, вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтган ҳисобот даврида кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Айниқса, Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5325-сонли Фармони соҳада туб ўзгаришларга замин яратмоқда. Бугун вилоятимиз аҳолисининг 49 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани ва сўнгги 5 йил давомида улар сони 7,6 фоизга ўсганини назарда тутсак, қўмита олдидаги масъулиятли вазифалар салмоғининг ҳам шунчалар ошганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

    Мамлакатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган шароитлар ва юксак эътибор туфайли бугун опа-сингилларимиз тадбиркорлик, кичик бизнес, оилавий корхоналарни очиш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фаол иштирок этишмоқда. Хусусан, ўтган беш йилда вилоятда 8320 нафар хотин-қиз тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Таъкидланганидек, ўтган давр ичида амалга оширилган ишларнинг батафсил таҳлилига алоҳида эътибор қаратилиб, сарҳисоб қилинди.

    Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Вилоятда ҳамон аёллар томонидан турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг содир этилаётгани, оналар ва болалар ўлими ҳамда эрта туғруқ ҳолатларининг мавжудлиги ҳали олдимизда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар талайгина эканини кўрсатади. Шу боис маърузачи ёшлар, айниқса, балоғат ёшидаги ўсмирларни назоратсиз қолдирмаслик, уларнинг таълим-тарбияси ва касб-ҳунар ўрганишига янада жиддийроқ муносабатда бўлиш, бу борада оила, таълим муассасаси ва маҳалла ҳамкорлигини кучайтириш, “Қизларжон” клублари фаолиятини янада такомиллаштириш, қизларни оилага тайёрлаш масаласига талаб даражасида қараш лозимлигини таъкидлади.

    - Ҳар бир оила ҳаёти бизга таниш, ҳар бир аёл опа-синглимиз, қизимиз, онамиздек қалбимизга яқин бўлмас экан, кутганимиздек натижага эриша олмаймиз, - деди қўмита раиси сўзининг ниҳоясида. - Бу жуда кўп нохушликлар, хусусан, хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, уларни ноқонуний равишда чет элга чиқиб кетишининг олдини олиши мумкин. Руҳий мадад, дўстона ва самимий муносабатга таянсак, шунга асосан иш тутсак, ҳар бир наманганлик опа-синглимизни жамиятда, оиласида ўз ўрни бор аёлга айлантира оламиз.

    Конференцияда вилоят хотин-қизлар қўмитаси раисининг маърузаси юзасидан музокаралар бўлиб ўтди. Унда Наманган шаҳар 2-сонли ФҲДЁ бўлими мудири Лобархон Ходжаева, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Лайло Аҳмедова, Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси бўлим бошлиғи Туробжон Ҳамраев, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси раҳбари Мўътабархон Маҳсудова ва бошқалар ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

    Шунингдек, конференция кун тартибидаги ташкилий масалалар ҳам кўрилди. Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Муҳаррам Нурматова вилоят хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот давридаги фаолиятини ижобий баҳолаб, қўмита раислигига Қўчқарова Ирода Садиковнани қайта сайлаш таклифини билдирди. Бу таклиф барча делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Очиқ овоз бериш йўли билан И. Қўчқарова вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб сайланди.

    Ўз навбатида вилоят хотин-қизлар қўмитаси бошқаруви аъзолари, назорат-тафтиш комиссияси таркиби, унинг раиси ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси конференциясига делегатлар сайланди.

    Р. Жумабоева