Ёшлар бурч ва ҳуқуқлари

    06:01 10 Ноябрь 2018  Янгиликлар 142

    Янгиқўрғон иқтисодиёт ва транспорт касб-ҳунар коллежида Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг раиси А. Сафаев иштирокида “Никоҳ ва оила муносабатлари, эрта никоҳ ва шаръий никоҳнинг салбий оқибатлари” ҳамда “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзуларида мулоқот бўлиб ўтди.

    Маърузачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилганлиги, унда оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлиги тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги, никоҳ оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклатилганлиги, судлар оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлашга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги, бунда маҳалланинг ҳам роли алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

    Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги, бундай никоҳнинг салбий оқибатлари жуда кўплиги, мисол учун, фарзанд туғилганидан сўнг аёлларнинг кўп қисми оталикни белгилаш тўғрисида даъво аризаси билан фуқаролик судларига мурожаат қилишаётганлиги ҳамда шаръий никоҳ асосида эр-хотин бирга яшаб уй-жой қилган бўлса-да, ушбу уй-жой умумий мулк деб ҳисобланмаслиги ва унинг ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмаслиги тўғрисида маълумот бериб ўтилди.

    Шунингдек, мулоқот давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик тушунчалари мазмун-моҳияти тушунтирилиб, бу борадаги ишлар тафсилотлари гапириб ўтилди.

    Ушбу мулоқот иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

    Қобилжон САМИНОВ,

    коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.